ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Ер шари аҳолиси сони 2022 йил ноябрига келиб 8 миллиард кишига етади. БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти шундай прогнозни тақдим этди.
“Прогнозларга кўра, 2022 йил 15 ноябрига келиб дунё аҳолиси сони 8 миллиард кишига етади”, - дейилади ҳужжатда. Ундан РИА Новости иқтибос келтирган.
Таъкидланишича, дунё аҳолиси сони ўсишда давом этмоқда, бироқ ўсиш суръатлари секинлашмоқда. 2020 йилда ўсишнинг глобал суръатлари илк бор 1950 йилдан буён йилига 1 фоиздан пастга тушган. БМТ маълумотларига кўра, 2030 йилда дунё аҳолиси тахминан 8,5 миллиард кишига кўпайиши мумкин. 2050 йилга келиб Ер аҳолиси сони 9,7 миллиардга, 2100 йилга келиб эса 10,4 миллиардга етиши тахмин қилинмоқда.
2050 йилга келиб дунё аҳолисининг прогноз қилинаётган ўсишининг ярмидан кўпи саккизта давлатда, жумладан, Конго Демократик Республикаси, Миср, Эфиопия, Ҳиндистон, Нигерия, Покистон, Филиппин ва Танзания ҳиссасига тўғри келиши айтилмоқда.
Шунингдек, тахминан 2027 йилда Ҳиндистон Хитойни ортда қолдириб, дунёдаги энг кўп аҳолига эга давлат бўлиши кутилмоқда.