“Халққа зиён етказилмасин деган буйруқ бўлган”: Ҳарбийлар Нукусдаги намойишлар ҳақида

Мудофаа вазирлиги Қорақалпоғистонда намойишчилар томонидан тўхтатилган БТР махсус техникаси ичида бўлган ҳарбийларнинг интервьюсини эълон қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Мудофаа вазирлиги Нукусдаги намойишлар ҳақида видеоролик эълон қилди. Унда ҳарбий хизматчилар ўша вақтда бўлган воқеаларни сўзлаб беришди.
"Қурол ишлатмаслик бўйича буйруқ олгандик. Чунки у ерда тинч, оддий халқ бор эди. Ҳамма ўзининг доимий жойлашув жойига, ҳарбий қисм ва постларига етиб бориши бўйича ‘команда’ олдик. Шахсий таркибимга зудлик билан БТР техникасига ўтиришини тайинладим ва ҳаракатни бошладик", — дейди БТР экипажи командири Рустам Бобожонов.
Унинг сўзларига кўра, унинг гуруҳи 17:30 лар атрофида ҳаракатни бошлаган бўлса, доимий жойлашув жойига қараб тахминан 500 метрлар юрган.
"Доимий жойлашув жойимизга кетаётган пайтимизда БТР ҳайдовчиси ‘ўртоқ капитан, бир километрлар узоқроқда 300—400 нафардан ортиқ оломон турибди, бизнинг йўлимизни тўсяпти. Қўлларида ҳар хил темир жисмлар, арматура, лўм, ёнувчи аралашмалари бор’, деди. Ҳамма нарсага тайёр туриш бўйича ‘команда’ бердим. Шу пайт ҳарбий қисмга алоқага чиқдим, бизга ёрдамчи куч керак, олдимиздан 300-400, орқамиздан 100-200 оломон ёпирилиб келяпти", — дейди капитан.
Унинг айтишича, одамлар техникаларга зарба беришни, ойналарини синдиришни бошлаган.
"Асосий мақсадимиз қорақалпоқ халқининг тинчлигини сақлаш бўлгани сабабли ўша пайт техникамиз билан халқнинг устига бостириб ҳайдамадик. Халққа қурол ишлатмадик, уларнинг бирортасининг жонига озор берганимиз йўқ. Ҳаммасига чидаб, болалар билан қасамёдга содиқлигимизни исботладик", — дейди Рустам Бобожонов.
Унинг таъкидлашича, қорақалпоқ халқи — тушунган халқ. Уларга ўша ёвуз кучлар таъсирига тушиб қолганини ҳам тушунган. Тушунгани учун ҳам тартибсизликлар тўхтади.
Ҳарбийларнинг айтишича, БТР люки металл буюмлар ёрдамида очилган. Ичкарида бўлганлар эса калтакланган.