Мадримов ва Соро ўртасидаги реванш жанги дуранг натижа билан якунланди – видео

Исроил Мадримов ва Мишел Соро 2021 йил декабрида Тошкентда илк бор тўқнаш келган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Профессионал бокснинг супер ярим ўрта вазн тоифасида ҳаракат қилаётган ўзбекистонлик Исроил Мадримов 9 июль куни франциялик боксчи Мишел Сорога қарши жанг ўтказди.
Лондонда бўлиб ўтган жангнинг дастлабки икки раундида Исроил Мадримов нисбатан фаолроқ ҳаракат қилди ва устунликни ўз томонига оғдирди. 3-раунд аввалида франциялик боксчининг қоши ёрилиб кетиши натижасида жанг муддатидан аввал ниҳояланди. 12 раундга мўлжалланган баҳсда ҳакамлар техник дуранг натижа қайд этишди.
Профессионал бокс қоидаларига кўра, жанг 4 раунддан очган тақдирда очколар ҳисобланиши мумкин эди. Жанг учинчи раундда якунлангани учун натижа бекор қилинди ва ғолиб аниқланмади.
Эслатиб ўтамиз, Мадримов ва Соро 2021 йил декабрида Тошкентда илк бор тўқнаш келган эди. Жангнинг 9-раундида гонг овозини эшитмаган Мадримов рақибга бир неча зарбалар йўллаши натижасида техник нокаут қайд этилган эди. Бундан норози бўлган Соро жамоаси ташкилотга реванш берилишини сўраб мурожаат қилганди. WBA Соро жамоасининг сўровини қабул қилган ва Мадримовга реванш жангида иштирок этиш мажбуриятини қўйганди.