ТИВ Қозоғистонда бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат қилди

Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда бўлиб турган ўзбекистонликларга муржаат қилиб, Қорақалпоғистон орқали Ўзбекистонга кириладиган "Довуд ота" пости ҳамон ёпиқлигини эслатиб, мамлакатга бошқа йўллар орқали қайтишни тавсия қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда бўлиб турган ўзбекистонликларга муржаат қилиб, Қорақалпоғистон орқали Ўзбекистонга кириладиган "Довуд ота" пости ҳамон ёпиқлигини эслатиб, мамлакатга бошқа йўллар орқали қайтишни тавсия қилган.
"Ўзбекистон президенти фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июлдан 2 августга қадар фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги "Довуд ота" – "Тажен" (автомобил) ўтиш пунктида фуқаролар ва енгил транспорт воситалари қатнови вақтинча тўхтатилган. Шу билан бирга, ушбу пункт нуқтаси орқали юк ташувчи автомобиллар ўтишига рухсат берилади.
Бундан ташқари, "Нукус-Бейнеу-Нукус" йўналиши бўйича темирйўл алоқаси ҳам тўхтатилди. Ўзбекистон фуқаролари ва чет эл фуқаролари Ўзбекистонга "Довуд ота"дан бошқа ўтиш пунктлари орқали келишлари мумкин.
Шунингдек, "Aқтау – Нукус", "Aқтау – Урганч", " Олмаота – Тошкент", "Олмаота – Самарқанд" ва "Нур-Султон – Тошкент" йўналишларидаги ҳаво қатнови ҳам фаолият кўрсатмоқда", дейилади баёнотда.
ТИВ Ўзбекистон фуқаролари ва чет эл фуқаролари маслаҳат учун қуйидаги рақамларга мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатган:
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси (Нур-Султон шаҳри) – 8 (717) 295-45-87;
Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси– 8 (727) 390-26-16, 8 (727) 299-20-70;
Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси – 8 (729) 277-71-17.