ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Шри-Ланкада намойишчилар президент Готабай Ражапакса қароргоҳини эгаллаб олди, деб хабар берди маҳаллий ОАВлари.
Оломон президент қароргоҳи олдидаги панжарадан ошиб ўтиб, ҳудудни эгаллаб олди.
Коломбодаги Миллий госпиталдаги манбаларга таянган ҳолда Ada Derana хабарига кўра, тартибсизликлар пайтида камида 30 киши жароҳатланди.
Бош вазир Ранил Викремесинге партия етакчиларининг фавқулодда йиғилишини чақирди. Шу билан бирга, бир гуруҳ депутатлар президентни истеъфога чиқишга чақиришди.
Шри-Ланкадаги сиёсий фаоллар аввалроқ иқтисодий инқироз оқибатлари туфайли пойтахт Коломбода ҳукуматга қарши марш ўтказишга чақирган эди. Коломбо суди полициянинг 8 ва 9 июл кунлари президент қароргоҳи яқинида норозилик намойишларини тақиқлаш ҳақидаги илтимосини рад этди, бироқ хавфсизлик кучлари ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилган тақдирда зарур чораларни кўриш ваколатига эга эканлигини таъкидлади.
Шри-Ланка 1948 йилда мустақилликка эришганидан бери энг ёмон иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Мамлакатда озиқ-овқат, асосий эҳтиёжлар, дори-дармон, газ етишмайди. Коронавирус пандемияси асосий валюта манбаи бўлган туризм секторига таъсир қилиб, ҳукумат етарли миқдорда ёқилғи харид қила олмади. Шу билан бирга, орол давлатининг ташқи қарзи 51 млрд $га баҳоланмоқда.