ТОШКЕНТ, 8 июл - Sputnik. Келгуси йилларда Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга меҳнат миграцияси оқими сақланиб қолиши эҳтимоли юқори, дейди Sputnik мухбири билан бўлган суҳбатда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов.
“Бизга келажакда хорижда ишлайдиган ўзбекистонликлар сони ортиши ё камайиши борасида кўплаб саволлар берилади. Барчасига аниқ тўхталиб жавоб беришга ҳаракат қиламан”, дейди мутахассис.
Биринчидан, Ўзбекистонда демографик кўрсаткичлар юқори. Маълумотларга кўра, ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингга яқин фуқаро кириб келади. Албатта иш билан таъминлаш учун бу катта рақам эканлиги айтилди.
Иккинчидан, хорижий давлатлар, айниқса ривожланган мамлакатларда ишчи кучига эҳтиёж катта. Масалан, биргина Германияда 1,5 млн хорижий ишчи кучига эҳтиёж бор. Шунинг учун яқин йилларда миграция оқими сақланиб қолиши мумкин.
Хусусан, 2022 йилнинг 6 ойи давомида хорижда ишлаш истагини билдирган касб-ҳунар муассаларида таҳсил олган 5838 нафар фуқаролар хорижий иш берувчиларнинг танловларига жалб қилиниб, шундан 1782 нафари хорижий мамлакатларда бандлиги таъминланди.
Хорижда ишлаётган фуқароларнинг 24 фоизи аёллар, 35 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этади.
Самарали ҳамкорлик
“Ўзбекистон фуқароларини соддалаштирилган тартибда Россияга ишга жалб қилиш бўйича “пилот” лойиҳаси давом этмоқда, бу анча самарали лойиҳа бўлди”, дейди мутахассис.
“Пилот” лойиҳаси Россияда ишлаш учун талаб этиладиган рухсатнома ҳужжатларни расмийлаштиришда фуқароларнинг вақт ва маблағини тежайди.
Шунингдек, тиббий кўрик ва чегарадан киришда тақиқ бор ёки йўқлигини текшириш тадбирларининг Тошкентда амалга оширилаётгани фуқароларда сурункали касаллик аниқланганда патент рад этилиб, Ўзбекистонга қайтиши ва тақиқ аниқланганда чегарадан қайтиши каби ҳолатларни олдини олади.
Қўшимча таълим ва иш изловчиларнинг электрон базаси
Бир вақтнинг ўзида фуқаро labormigration.uz дастурий мажмуасидан рўйхатдан ўтказилиб, иш изловчилар электрон базасига қўшиб қўйилади.
“Ҳозирги кунда меҳнат мигрантлари ўқув ишлаб чиқариш комплексларида қурилиш, касб-ҳунар ва чет тиллари йўналишларида жами 20 дан ортиқ касб ва 7 та хорижий тиллар бўйича таҳсил олмоқдалар”, дейди Норов.
Президентнинг 2020 йил 11 августдаги ПҚ-4804-сонли қарори асосида республиканинг барча ҳудудларида жами 14 та мономарказ ва 30 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ташкил этилган.
Маълумот учун, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги ПҚ-4829-сонли қарорига мувофиқ фуқароларни хорижда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини амалга оширишида бир қатор топшириқлар ва тартиб-тамойиллар бериб ўтилган.
Ушбу мақсадда, хорижга кетиш олдидан фуқаро Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг минтақавий филиалига мурожаат қилиб, Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан вақтинча ишсиз деб эътироф этилгани ҳолда банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи мономарказ ёки бошқа ўқув марказларига йўлланма олади.
Керак бўлганда, меҳнат мигрантларини хорижга ишлаш учун кетиши олдидан касб-ҳунар ва чет тилларидан таълим олиши мумкин.