Ғишт цехи 12 млрд сўмлик газ ўғирлагани аниқланди

Ёз мавсумида 63 мингта хонадонни бир ойлик истеъмолига тенг бўлган табиий газ талон-тарож қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 июл – Sputnik. Янгийўлда жойлашган пишган ғишт ишлаб чиқарадитган цех томонидан давлатга 12 млрд сўмлик зарар келтирилди. Бу ҳақида “Ўзнефтгазинспекция” хабар берди.
Давлат хавфсизлиги хизмати “Ўзнефтгазинспекция” билан ҳамкорликда навбатдаги назорат тадбирини ўтказди.
Унда “Ўртаовул олтин ғишт” МЧЖга қарашли Янгийўл тумани, “У.Мусаев” МФЙ ҳудудида жойлашган пишган ғишт ишлаб чиқариш цехи кўздан кечирилди.
Айтилишича, ушбу цех 2020 йил сентябрь ойида газ таъминоти тармоғидан узиб қўйилган.
“Текширув жараёнида қувурлари демонтаж қилинганлигига қарамасдан газ ҳисоблагич ўрнатмаган ҳолда ўғринча табиий газдан фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди”, дейилади хабарда.
Ҳисоб-китобларга асосан, мазкур корхона томонидан давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 12 млрд 586 млн 373 минг сўмни ташкил этмоқда.
Қайд этилишича, бу ёз мавсумида 63 мингта хонадонни бир ойлик истеъмолига тенг бўлган табиий газ миқдорига тенг.