ТОШКЕНТ, 7 июл - Sputnik. Биз ҳайратланарли бир даврда яшаяпмиз: Американинг дунёда етакчилигини таъминлаб турган устунлар кўз олдимизда бирин кетин қуламоқда, деб ёзади RT муаллифи Сергей Колясников.
Энг янги мисол - Россия дон маҳсулотларининг рублда сотиш бошланиши.
Россия дунёдаги энг йирик буғдой экспортчиси бўлса-да, шу кунга қадар ўзининг дон биржаси йўқ эди. Ўнлаб йиллар давомида уни ташкил этишга бўлган кўплаб урунишларга қарамасдан, ҳар сафар қандайдир сабабга кўра бу амалга ошмай келаётган эди.
Агар бир жаҳон дон бозорида бир ярим асир давомида етакчилик қилиб келаётган компанияларга назар солсак, бунинг сабабини тушуниш мумкин. Бу компанияларнинг баъзиларининг тарихи пайдо бўлганига бир ярим асрдан кўп вақт бўлган: ADM (АҚШ), Bunge(АҚШ), Cargill (АҚШ) ва Louis Dreyfus (Нидерландия). Россияда ўз дон биржаси пайдо бўлиши кимга зарар келтириши энди тушунарли бўлди...
2022 йил 30 март куни Дон экспортчилари иттифоқи Россия донининг хорижий харидорлари экспорт шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни рублда амалга ошириш имкониятларини ишлаб чиқиш илтимоси билан Марказий банкка мурожаат қилгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Туркия аллақачон бундай ўтишга тайёрлигини намойиш этаётган эди.
Шундай қилиб, Россия банки биринчи Россия товар индексини - буғдой учун биржа индексини тасдиқлади. Хўш, у аслида нима учун керак?
Масалан, хориждан олинаётган биржа ахборотларини (Чикаго товар биржаси ёки Франциянинг халқаро фючерс бозори) ўрнини босиш учун. Ёки дон бозорида нархлар пайдо бўлишини шаффоф ва тушунарли қилиш учун. Бундан буён Россия буғдойининг нархи АҚШ ёки ЕИда эмас - Россиянинг ўзидан шаклланади.
Яна бир муҳим жиҳати - Россия ва буғдойни импорт қилувчи давлатлар орасида ўртакашлардан халос бўлади. Бундан буён Россия буғдойи миллий товар биржасида сотилади. Туркия билан аллақачон 3 миллиард рубллик шартнома имзоланган.
Россиянинг ўз буғдойини ўзи сотиш ва даромад олиш истаги АҚШ ва Европа Иттифоқининг катта қаршиликларига сабаб бўлиши шубҳасиз. Ва биз ҳозир "Катта еттилик" томонидан Россия энергия ресурсларига максимал нархларни белгилаш ҳақидаги очиқ-ойдин аҳмоқона баёнотларни эшитганимиздек, улар ўзларининг ғаллаларини сотишда бизга қарши чиқишга ҳаракат қилишади.
Аммо ҳозирданоқ шуниси маълумки, АҚШ ва Европа Иттифоқи бир вақтнинг ўзида жуда кўп соҳаларда Россияга қарши "уруш очиб" унининг суверенитетини бўғиб қўйишга ҳаракат қилишди. Лекин Ғарбнинг ушбу йўналишдаги барча саъй ҳаракатлари бекор кетиши ҳозирданоқ аниқ.