ТОШКЕНТ, 5 июл – Sputnik. “Uzbekistan GTL” заводидан 10 тонналик синтетик дизел ёқилғисининг биринчи партияси Навоий кон-металлургия комбинатига жўнатилди.
Айтилишича, комбинатга қарашли “Caterpillar” ва “БелАЗ” корхоналарида ишлаб чиқарилган иккита замонавий махсус тоғ-кон техникаси икки кун ичида синовдан ўтказиш учун GTL ёқилғининг биринчи партияси билан тўлдирилди.
“GTL дизел ёқилғиси қуйилган НКМК техникалари энг яхши техник, эксплуатация ва экологик кўрсаткичларни намойиш этди. Яқин вақт ичида НКМК эҳтиёжлари учун Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси савдо платформалари орқали 5 минг тонна дизел ёқилғиси етказиб бериш режалаштирилган”, дейилади хабарда.
“Uzbekistan GTL” заводининг қувватлари йилига 1 миллион тоннагача дизел ёқилғисини ишлаб чиқариш имконини беради.
GTL дизел ёқилғиси Euro-6 (ЕN15940) Европа экологик стандарти ва O'zDSt EN 15940:2022 миллий стандартининг юқори талабларига тўлиқ жавоб беради.
Маълумот учун, GTL дизелини дизель двигателларида соф ҳолда ёки уни аралаштириш учун хом ашё сифатида қўллаш мумкин. GTL дизели анъанавий дизел ёқилғисига қараганда, ифлослантирувчи моддаларни 70% гача кам чиқаради, унинг тоза ва тўлиқ ёниши эса двигателда чўкиндиларни камайтиришга ёрдам беради.
Бу эса, ўз навбатида, техниканинг ишлаш муддатини узайтиради ва унга техник хизмат кўрсатиш харажатларини сезиларли даражада камайтиради.