Афғонистон тарафдан Ўзбекистон чегара ҳудудига 5 та снаряд келиб тушди – ТИВ

Ўзбекистон чегара ҳудудига тахминан Афғонистон тарафдан 5 та снаряд келиб тушди – ТИВ
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. 5 июль, соат 16:20 атрофида Ўзбекистон чегара ҳудудига тахминан Афғонистон тарафдан 5 та снаряд келиб тушди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.
"Снарядлар тушганида портлашлар юз бермаганлиги сабабли инсонлар нобуд бўлмаган ва вайронагарчиликлар юз бермаган. Термиз шаҳридаги “Мажнунтол” маҳалласида жойлашган 4 та уй-жойга унча йирик бўлмаган зиён етган, бешинчи снаряд эса футбол майдонидан топилган. Аниқланган снарядлар сапёрлик боʻлинмалари томонидан зарарсизлантирилган", - дейилган баёнотда.
Ҳозирда Ўзбекистоннинг ваколатли органлари Афғонистон тарафи билан биргаликда мазкур ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар.