Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси яна 10 кунга узайтирилди

Қонун лойиҳаси юзасидан келиб тушаётган таклифлар сони тобора ошаётганлиги умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш заруратини юзага келтирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 июл – Sputnik. Умумхалқ муҳокамасига қўйилган Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси муддати 15 июлга қадар узайтирилди.
Депутат Жаҳонгир Ширинов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасини яна 10 кунга узайтиришни таклиф этди.
Таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан келиб тушаётган таклифлар сони тобора ошаётганлиги умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш заруратини юзага келтирмоқда.
Бугунги кунга қадар аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларидан жами 57 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган. Умумхалқ муҳокаманинг дастлабки кунларида қонун лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар кунига 700 га яқинни ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтга келиб, уларнинг сони кунига 10 мингга етмоқда.
Йиғилишда кун тартибига киритилган масала юзасидан депутатлар қонун лойиҳаси муддатини узайтириш таклифини бир овоздан мақуллашди.
Эслатиб ўтамиз, ҳужжат лойиҳасига таклифларни қабул қилиш 25 июнда бошланди ва умумхалқ муҳокама муддати 5 июль куни якунланиши керак эди.