ТОШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 3 июл куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашувда фуқаролардан жипслашишни, якдил бўлишни сўради.
"Денгизнинг қуриган қисмида 1 миллион 733 минг гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этилди. Оролбўйи ҳудудининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш бўйича беш йиллик миллий дастур ишлаб чиқилмоқда. Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масаласи биринчи марта давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Юксак халқаро минбарлардан доимо Орол муаммосига жаҳон жамоатчилиги эътиборини қаратиб келмоқдамиз.
Тўлиқ ишонч билан айтаманки, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар бундан буён ҳам албатта изчил суръатларда давом эттирилади.
Чунки Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун ўзбек халқининг бахти ва фаровонлигидир.
Мен ҳаёт синовларида тобланган қорақалпоқ халқининг донишмандлигига ишонаман ва уларни ақл-идрок билан иш тутишга, турли хил, жумладан, четдан бўлаётган ғаразли чорлов ва ҳаракатларга алданмаслик, уларнинг қурбонига айланмасликка чақираман.
Айирмачиликка, оммавий тартибсизликларга, ҳокимият органларига зўравонлик йўли билан қаршилик кўрсатишга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилади, айбдорлар эса муқаррар жазога тортилади.
Аминманки, Қорақалпоғистоннинг меҳнаткаш, донишманд, олижаноб ва бағрикенг эли мана шундай мураккаб даврда ўзбек ва қорақалпоқ халқлари тақдирининг бирлиги ва яхлитлигига, оғизбирчилигига асосланган муқаддас қадриятларини бундан буён ҳам кўз қорачиғидек асраб-авайлаб яшайди.
Содир бўлган воқеалар бизни янада ҳушёр ва сезгир бўлишга чақиради. Бугун жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун, фарзандларимиз ва набираларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш учун метин ирода, жипслик ва якдиллик ҳар қачонгидан ҳам зарурдир", деган давлат раҳбари.
"Фурсатдан фойдаланиб, мен Ўзбекистонни ўз она Ватани деб биладиган барча ватандошларимизга, муҳтарам отахон ва онахонларимизга, қадрли ака-ука ва опа-сингилларимизга, азиз фарзандларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман.
Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида ўзаро шафқатсиз рақобат, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар, сепаратизм, миллатчилик, радикализм каби таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда.
Ана шундай таҳликали вазиятда мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва динга мансуб инсонлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, гўзал диёримизда барқарор ва бардавом тараққиётни таъминлаш, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини, унинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириш барчамизнинг, аввало, раҳбар ва мутасаддиларнинг нафақат вазифаси, балки муқаддас инсоний бурчидир.
Биз фақат мана шу йўл билан бугунги куннинг барча таҳдид ва хавф-хатарларига муносиб жавоб беришимиз, турли бузғунчи ғояларга қарши жамиятимизда, аввало, ёшларимиз қалбида мустаҳкам иммунитет яратишимиз, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танланган демократик ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмасдан янада самарали натижаларга эришишимиз мумкин.
Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигидир.
Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигидир.
Биз Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни барчамиз биргаликда албатта барпо этамиз.
Ўз ҳаёти давомида тарихнинг кўп-кўп машаққатли синовларини мардона енгиб ўтган азму шижоатли, олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган мана шундай буюк мақсадларга албатта эришади, деб ишонаман", деди давлат раҳбари сўзининг якунида.