ТОШКЕНТ, 2 июн - Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан учрашувда халқига мурожаат қилди.
"Шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси давом этмоқда, - деди Мирзиёев. - Албатта, конституциявий ислоҳотларимиз Ватанимизнинг бугунги ва келажак ҳаёти учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир.
Муҳокамаларда кўпмиллатли халқимиз ўзининг кўплаб таклиф ва тавсияларини билдирмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги эълон қилинган Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилади. Шундан сўнг фуқаролар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида Қонунчилик палатаси томонидан такомилига етказилади.
Кейин эса мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилиб, фуқароларимиз эркин овоз бериш орқали ўзларининг бу масала бўйича хоҳиш-иродасини ифода этади.
Шундан кейингина Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонуний тусга киради".
"Бир сўз билан айтганда, янгиланаётган Конституциямизни такомилига етказиш учун қанча вақт ва муддат керак бўлса, бу жараён шунча давом этади. Бу борада фақат халқимиз билан бамаслаҳат иш олиб борамиз.
Лекин, айрим жойларда ушбу масаланинг моҳиятини талқин қилишда тушунмовчилик ҳолатлари учрамоқда.
Жумладан, лойиҳада кўзда тутилган, Қорақалпоғистон Республикасига оид айрим нормаларга бир гуруҳ шахслар томонидан норозилик билдирилган. Бунинг натижасида жорий йил 1 июль куни Нукус шаҳрининг марказий кўчаларида намойишлар уюштирилган.
Улар томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини ноқонуний эгаллашга уриниш ҳаракатлари содир этилган.
Шу муносабат билан қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидлашни зарур, деб ҳисоблайман.
Халқимиз ҳукмига ҳавола этилган мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси ҳали қабул қилинмаган, умумхалқ муҳокамасига қўйилган, холос.
Яна бир бор таъкидлайман: фуқароларимизнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу лойиҳа ўзгаради ва такомилига етказилади".
"Шундан келиб чиққан ҳолда ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг ўзига хос этник, маданий хусусиятлари, миллий урф-одат ва қадриятлари, алоҳида ҳуқуқий мақомини эътиборга олиб, лойиҳадаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид нормаларни ўзгартиришсиз қолдириш зарур, деб ҳисоблайман. Яъни, Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75 моддалари ўзгаришсиз қолдирилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан ушбу масалани тез кунларда кўриб чиқишни сўрайман.
Қадрли Қорақалпоғистон аҳли! Такрор айтаман – асрлар давомида ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасида шаклланган азалий дўстлик ва қардошлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, оғизбирчилигимизни асраб-авайлайлаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик муҳитини сақлаш – барчамизнинг бурчимиздир.
Конституциявий ислоҳотларимизнинг бош мақсади ҳам айнан мана шундан иборат".
"Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистонни албатта биргаликда қурамиз. Шу соҳадаги барча ислоҳотларимиз, муҳокамаларимиз, ҳеч шубҳасиз, демократия ва ҳуқуқий мезонлар асосида амалга оширилиши зарур.
Айни вақтда тинчлик ва осойишталик, жамоат хавфсизлигини бузишга уринаётган ҳар қандай шахсларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилади.
Ўзбекистонда “Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган қоидани амалда таъминлаш учун барча куч ва имкониятлар етарли.
Ҳозирги вазиятда барча юртдошларимизни ҳамжиҳатлик ва бирдамликка, оқилона иш кўришга, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмасликка даъват этаман.
Мен олижаноб ва бағрикенг қорақалпоқ халқининг ақл-идроки ва донишмандлигига ишонаман", - деди Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида.