UzAuto ишлаб чиқариш бўйича янги рекорд ўрнатди

Компания ўз фаолиятини бошлаганидан буён, биринчи марта 6 ойда 160 минг автомобиль ишлаб чиқарилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 июл – Sputnik. “UzAuto Motors” компанияси президент топшириғини бажариб, шу йилнинг биринчи ярим йиллигида 160 000 дона автомобиль ишлаб чиқарди.
“Корхона меҳнат жамоаси ишлаб чиқаришнинг янги рекордини ўрнатди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, компания биринчи ярим йилликда нафақат рекорд миқдордаги автомобиль ишлаб чиқарди, балки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 72 фоизга кўп автомобилларни харидорларга етказиб берди.
Шунингдек, компания Chevrolet Lacetti ва Cobalt автомобил моделларини кутиш муддатини қисқартирган. Яқин орада Chevrolet Tracker ва Onix Tracker ва Onix автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
“Компания бундай юқори натижаларга бутун жамоанинг саъй-ҳаракати, бирдамлик ва ҳамжиҳатлилик билан қилган меҳнати ҳамда юқори даражадаги ташкилотчилиги сабабли эришди”, дейди ходимларни бошқариш дирекцияси директори Илҳом Таиров.
Компания вакилларининг сўзларига кўра, 160 000 – бу кимлардир учун шунчаки рақам бўлиши мумкин. Аммо ходимлар ушбу рақамлар ортида қандай инвестиция, қандай машаққат ва қандай меҳнат борлигини билашади.