Uzbekistan GTL заводида илк синтетик дизель ишлаб чиқариш бошланди

Заводда ишлаб чиқарилган 5 минг тонна синтетик дизелнинг биринчи партияси Навоий кон-металлургия комбинатига юборилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. “Uzbekistan GTL” заводида Ўзбекистон нефт ва газ-кимёси саноатининг тарихида илк бор синтетик ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошлади.
Заводда ишлаб чиқарилган 5 минг тонна миқдоридаги синтетик дизелнинг биринчи партияси Навоий кон-металлургия комбинатига юборилади.
“Заводнинг асосий ишга тушириш ишлари, шу жумладан 11 мингга яқин ускуна ва асосий ишлаб чиқариш қурилмаларини синхрон ишлашини таъминлаш, шунингдек, уларни тўлиқ назорат қилиш ва бошқариш Uzbekistan GTL заводининг маҳаллий муҳандислари ва ёш мутахассислари томонидан мустақил равишда амалга оширилмоқда”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, ушбу заводда йилига 3,6 млрд. метр куб табиий газ қайта ишланиб, 1,5 млн тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тн авиакеросин, 724 минг тн дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Uzbekistan GTL” заводида синтетик нефть ишлаб чиқарила бошланганди.