ТОШКЕНТ, 30 июн - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Тошкентда янгидан барпо этилган Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар билан учрашган эди.
Учрашувда болаларнинг дўстлари, яқинлари ва ҳатто президентга йўллаган мактублари йиғилган “Меҳрли почта”даги мактубларни ўзи билан олиб кетиб, "Ҳаммасини ўқиб, албатта жавоб бераман", деган эди.
Орадан кўп вақт ўтмасдан жавоб хатлари ўз манзилларига етиб борди. Хусусан, ховослик Одинахонга йўлланган президент мактубини Сирдарё вилояти ҳокими етказди ва ўқиб берди.
“Қадрли, Одинахон қизим! Хатингни ўқиб бугунги кунда мамлакатимиз болалари нақадар беғубор орзу-интилишлар билан яшаётганини яна бир бор чин юракдан ҳис эттим. Келажакда ошпаз бўлмоқчи эканинг, "Меҳрли мактаб"да мусиқа ва расм чизишни ёқтириб қолганинг ҳақида ёзибсан. Тил ўрганишга иштиёқинг баландлигини билиб янада хурсанд бўлдим. Ахир биз орзу қилган баркамол авлод мана шундай замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллайдиган ёш-ўғил қизлардан ташкил топади. Ишончим комил юксак интилиш, тиришқоқлик билан ўз мақсад-муддаоларингга албатта етасан. Бу йўлда сенга совға қилинаётган компьютер ҳам ёрдам беради деб ўйлайман. Дилингдаги эзгу-орзу ниятларинг доим сенга ҳамроҳ бўлсин”, деб ёзган Шавкат Мирзиёев ўз мактубида.
Қайд этиш керакки, президент “Меҳрли мактаб”даги учрашувда шифохонада даволанаётган болалардан бирига замонавий телефон совға қилган эди. Бу сафар Одинахонга замонавий компьютер туҳфа қилди.