МСК референдумга тайёргарликни бошлади

Президент сайловида шакллантирилган округ ва участкалар референдумни ўтказиш жараёнларида ҳам иш олиб боради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. МСК бўлиб ўтиши кутилаётган референдумга ташкилий жиҳатдан пухта тайёргарликни бошлади.
Комиссия референдум округлари ва участкаларини тузиш, комиссияларнинг таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш, уларнинг фаолият тартибини белгиловчи низомларни тасдиқлади.
МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжатлар “Референдум тўғрисидаги” қонунни амалда тўлиқ ва бир хилда бажаришни таъминлашга қаратилган.

“Биз қандайдир янгилик ихтиро қилганимиз йўқ. Реферундум комиссиялари тизими сайлов комиссиялари тизимига ўхшаш шаклда тузилади. Президент сайловида шакллантирилган округ ва участкалар референдумни ўтказиш жараёнларида ҳам иш олиб боради.

Айтилишича 2 та низомда округ ва участга фаолиятига таалуқли нормалар тўлиқ ёритиб берилган.
Референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин МСК округ комиссиясини 10 кундан кечикмай комиссия раиси, унинг ўринбосари, котиби ва комиссиянинг саккиз — ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузади.
Участка комиссияси эса йигирма беш кундан кечикмай беш — ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан комиссия раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат таркибда тузилади.
Референдум комиссияси таркибида аёл ва эркакларнинг тенг вакиллиги таъминланади.
Шунингдек, МСК ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишга ҳам киришди. Унга кўра, комиссия аъзоларини ўқитиш 3 босқичда олиб борилади.
“Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг назарий ва амалий билимларини доимий асосда мустаҳкамлаб бориш мақсадида “Referendum - 2022” мобил иловаси яратилади”, дейди МСК котиби Худоёр Маматов.
Мазкур иловага референдум қонунчилигига ҳамда семинар-тренигларга оид тайёрланган ўқув-услубий материаллар жойлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари иштирокидаги учрашувда Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум ўтказишни таклиф қилганди.
Бундан аввалроқ эса, референдум тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилди.