Бу қизиқ

Уясидан чиққан қизил суғурлар фотоқопқонга тушди

Ушбу жониворлар Ўзбекистоннинг Угом, Пском, Чотқол ва Ҳисор тоғ тизмаларида учрайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Қишқи уйудан баҳорда чиққан қизил суғурлар "Ҳисор" давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқон камера объектига муҳрланди.
Қизил суғурлар қўриқхонанинг Ғилон, Мираки, Танхоздарё, Қизилсув бўлимларида учрайди. Айтилишича, қўриқхона ҳудудида уларнинг сони тахминан 4320тага етади.
Улар шунингдек, Тянь-Шань, Помир, Ҳиндукуш, Кашмир тоғларининг алп экотизимларида, Ўзбекистоннинг эса иккита ҳудудида, яъни Угом, Пском, Чотқол ва Ҳисор тоғ тизмаларида учрайди.
Қизил суғур Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхатига энг камёб тур сифатига киритилган.
Бу жонивор, одатда, ўт-ўланлар, бошоқли ўсимликлар, баъзан чувалчанг, моллюска ва ҳашаротлар билан озиқланади.
Қишда уйқуга кириб, баҳорда уясидан чиқади. Денгиз сатҳидан 1600 дан 3500-4000 м гача баландликда бўлган ҳар хил турдаги рельефли тоғ ёнбағирларида ҳамда тошқояларнинг этакларида яшайди.
Қизил суғур Давлат экология қўмитаси томонидан қатъий муҳофазага олинган.