Метро поездларнинг ҳаракат тезлиги камайтирилади

Тошкент метросининг ерусти йўналишларида иссиқ ҳарорат сабаб поездлар тезлиги камайтирилади,
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Тошкент метрополитенининг барча ер усти станцияларидаги поездлар ҳаракат тезлигини камайтиради. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, ҳаво ҳароратининг кескин исиши сабабли, поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент метрополитенининг барча ер усти бекатларида ҳаракатланаётган поездлар тезлиги соат 12:00 дан 18:00 га қадар камайтирилади.
Ушбу ҳолат электропоездлар қатновидаги оралиқ интервалларга ҳам таъсир қилади. Яъни энди поездлар бекатларга секинроқ келади.
Маълумот учун, Ўзгидромет 25-29 июнь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келишини маълум қилганди.
Бундай иссиқ ҳаво пайтида пўлат излардаги ҳарорат янада юқори бўлади. Шу сабаб “Ўзтемир йўлйўловчи” раҳбарияти поездлар тезлигига чеклов киритди. Бу орқали поездлар белгиланган манзилларга кечикиб бориш ҳолатлари кузатилади. Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши поездлар ҳаракат жадвалига ҳам таъсир ўтказди.