ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Қримни эгаллашга бўлган ҳар қандай уриниш Россия томонидан уруш эълон қилинган деб баҳоланади, деди Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев “Аргументы и факты” газетасига берган интервьюсида.
"Биз учун Қрим Россиянинг бир қисмидир. Ва бу абадий. Қримга бостириб киришга ҳар қандай уриниш мамлакатимизга қарши уруш эълон қилишдир. Ва агар буни НАТОга аъзо бўлган давлат қилса, бу бутун Шимолий Атлантика альянси билан зиддият деганидир. Учинчи жаҳон уруши. Тўлиқ фалокат", дея таъкидлади у.
Медведевнинг сўзларига кўра, Украинадан фарқли ўлароқ Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Россияга янги таҳдид туғдирмайди.
“Бу давлатлар авваллари Россия билан жуда ҳурматли ва ўзаро хайрихоҳ дейиш мумкин бўлган муносабатларга эга эди. Ҳудудий низолар ва ҳатто уларга сабаб ҳам йўқ. Агар улар Иттифоққа қўшилиш орқали ўзларини яхши ва хотиржам ҳис қилсалар, омад тилаймиз. НАТО Швеция ва Финляндиясиз ҳам бизнинг мамлакатимизга яқин”, дея қўшимча қилди у.
Медведевга кўра, НАТОдаги Украина Россия учун анча хавфли. Бунга ҳудудий низоларнинг ҳал этилмагани, шунингдек, ҳудудлар мақомини бошқача тушуниш сабаб бўлган.
“Украина халқига нисбатан чуқур ҳурматни ҳис қилмаслик мумкин эмас. Россия фуқаролари улар билан энг яқин алоқалар — қариндошлик, тарихий, маданий алоқалар билан боғланган. Сўнгги йилларда украиналиклар қийин кунларни бошдан кечиришмоқда. Украина халқи бу синовларни енгиб ўтади. Улар ўзи учун яхшироқ келажак, кучли раҳбарлар, адолатли қонунлар ва муваффақиятли иқтисодий моделни танлайди. Ва мен бу моделнинг Европа Иттифоқи билан боғланишига умуман ишонмайман. Бундан ташқари, яна бир бор айтаман, “номзод” мақомига қарамай, Украинанинг у ерга қўшилиш имконияти хаёлийдир”, деди Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари.