ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Владимир Путин Душанбеда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан музокара ўтказмоқда.
Россия етакчисининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, президентлар савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалар, шунингдек, ҳарбий-техник ҳамкорликни муҳокама қиладилар. Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратадилар.
Путин ва Раҳмон, шунингдек, минтақавий кун тартибидаги бошқа долзарб мавзулар, жумладан, Тожикистоннинг ЕОИИга қўшилиш имкониятлари юзасидан фикр алмашиши кутилмоқда.
Бу икки давлат раҳбарларининг жорий йилдаги иккинчи шахсан учрашувидир – аввалроқ улар 16 май куни Москвада бўлиб ўтган КХШТ юбилей саммитида иштирок этган эди. Бундан ташқари, Путин ва Раҳмон январ ойидан бери олти марта телефон орқали гаплашган.
Эртага Россия президентининг Каспий саммити бўлиб ўтадиган Ашхободга бориши кўзда тутилмоқда.