Ўзбекистонлик таэквондочи йигитлар тарихий натижа қайд этди

Ўзбекистон терма жамоаси таэквондо WT бўйича Осиё чемпионатида 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини вўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Ўзбекистон терма жамоаси таэквондо WT бўйича Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Шуҳрат Салаев
Қайд этилишича, бугун, 27 июнь куни Кореяда таэквондо WT бўйича Осиё чемпионати ўз якунига етган. Мусобақанинг сўнгги кунида -80 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик Шуҳрат Салаев қитъа чемпионлигини қўлга киритган.
“Таэквондочимиз финалда Токио-2020 кумуш медаль соҳиби иорданиялик Солиҳ Эл Шарабати билан тўқнаш келди. Биринчи раундда Салаевнинг, иккинчи бўлимда рақибнинг ғалабаси қайд этилди. Ҳал қилувчи раундда Салаев 0:5 ҳисобида ортда бораётганига қарамасдан кучли характер кўрсатиб, 8:7 ҳисобида беллашув тақдирини ўз фойдасига ҳал қила олди. Айниқса, сўнгги 2 сонияда 2 очколик зарба билан ғалабани “илиб” кетгани бутун мусобақанинг энг драматик лаҳзаси бўлди, дейиш мумкин”, дейилади хабарда.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мазкур қитъа биринчилигини 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан якунлаган. Аҳамиятли томони, эркаклар терма жамоаси 4 та олтин медаль билан мусобақа мезбонларини ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган.
Қайд этиш жоиз, терма жамоа қитъа биринчиликларида шу пайтгача 4 та олтин медаль қўлга киритмаган эди.