ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Жаҳон банкининг 143 млн $ миқдоридаги имтиёзли кредити кўмагида “Ўзбекистонда бинолар учун тоза энергия” лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси Ўзбекистонга паст фоиз ставкасида имтиёзли молиялаштиришни тақдим этмоқда. Кредит 30 йилга, жумладан, беш йиллик имтиёзли давр билан берилади.
“Ушбу лойиҳа мамлакатдаги энергия тежаш ва энергия самарадорлигини оширишга инвестицияларни жалб қилиш учун бозор рағбатларини яратишда муҳим рол ўйнаш учун мўлжалланган”, дейилади хабарда.
Лойиҳа мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади.
Унинг доирасида мактабгача таълим, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаларида 800 дан ортиқ муассасани модернизация қилиш режалаштирилган.