Энди барча беморларга инсулин етказиладими?

Россиянинг “ГЕРОФАРМ” ва Ўзбекистоннинг “ZUMA PHARMA” компаниялари ўртасида мамлакатимизда аналог ва инсон инсулинини ишлаб чиқариш технологиясини жорий қилиш тўғрисидаги янги Битим имзоланди.
Sputnik
Мазкур битимнинг имзоланиши Санкт Петербургда ўтказилган "XXV халқаро иқтисодиёт форуми” доирасида бўлиб ўтди, дея таъкидлади “ZUMA PHARMA” компанияси директори Мансур Аҳмедов.
“Россия компанияси инсулин аналоглари — гларгин, лиспро ва икки фазали лиспронинг биосимиляр препаратларини шприц ва картридж шаклида ишлаб чиқариш технологиясини ўзбекистонлик ҳамкорларга етказади. Битимда қисқа ва ўрта таъсирли инсон инсулинлари ҳамда икки фазали комбинацияланган препаратни маҳаллийлаштириш режаси ҳам мавжуд”, - дейди директор.
Ўзбекистонда аввал инсулин ишлаб чиқарилмаган, Россиянинг “ГЕРОФАРМ” компанияси ҳамда “ZUMA PHARMA” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган биринчи лойиҳа мамлакатда инсулин ишлаб чиқаришдаги илк қадам бўлади.

Импорт ҳажми

Шу мақсадда 2023 йил давомида Ўзбекистоннинг “ZUMA PHARMA” компаниясида ишлаб чиқаришни техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилади ва технологияларни ўрнатиш трансфери йўлга қўйилади.
Ҳозирги кунда инсулин дори воситасини тайёрлаш учун Ўзбекистонда хомашё ишлаб чиқарилмайди. Лекин келгусида мазкур дори воситасини ишлаб чиқариш жараёнини тўлиқ жорий қилиш режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон дорихоналарида сотилаётган, ижтимой соҳа объектларида қўлланилаётган дори воситаларининг 80% қисми хориж давлатларидан импорт килинади, бу эса ўз навбатида дориларнинг нархига жуда катта таъсир кўрсатади.
“Фармацевтика соҳасидаги халқаро битимлар юртимиздаги аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан ўз вақтида таъминлашга, импорт хажмини камайтиришга, фармацевтика соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади”, - дейди Аҳмедов.

Сифатли дори воситаси

ГЕРОФАРМ компанияси - Россиядаги энг йирик инсулин ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири саналади ва мамлакатнинг аксарият ҳудудларини инсулин дори воситаси билан таъминлаб беради. У ўзининг хусусий лабораториясига ва илмий ишлаб чикариш институтига эга бўлиб, инсулин дори воситасини тайёрлашда қўлланиладиган барча хомашёларни хам ўзи ишлаб чиқаради.
“Мазкур қўшма лойиҳа компаниямиз фаолияти учун катта аҳамиятга эга. Эндиликда биз юртимизда илк инсулин ишлаб чиқарувчилар қаторига кириб, қандли диабет билан касалланган юртимиз аҳолисини сифатли дори воситаси билан таъминлашга эришамиз” – дейди Аҳмедов.
Шу билан бирга, ГЕРОФАРМ компанияси билан ҳамкорликда юртимиздаги эндокринология институтлари билан ҳамкорликда қўшма ўқув семинарларини ўтказиш, ҳамда фармацевтларни малакасини ошириш режалаштирилган.

Статистик маълумотлар

“Компанияда ишлаб чиқариладиган инсулин дори воситаларини касалхоналар, тиббиёт муассасалари, давлат грантлари хамда “Dori darmon” АК орқали юртимиздаги барча беморларга етказиб бериш режалаштирилган”, - дейди Мансур Аҳмедов.
Қўшма ҳамкорликда ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган инсулин дори воситаси Ўзбекистонда қандли диабет билан касалланган беморларнинг дорига бўлган эҳтиёжини 70-80 % га қоплай олади.
Маълумот учун, бугунги кунда республикада тахминан 277 минг инсон қандли диабет билан касалланган. Уларни 90% га яқини инсулин дори воситасини қабул қилади.