Бадиий гимнастика бўйича ОЧ: Ўзбекистонда 6 та олтин ва 3 та кумуш

Ўзбекистонлик бадиий гимнастикачилар Осиё чемпионатини 17 та медаль билан якунлашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоaси Таиланднинг Паттайя шаҳри мезбонлик қилган қитъа биринчилигининг сўнгги кунида 17 та медални қўлга киритди.
Тахмина Икромова ҳалқа, тўп ва булава машқларида тенгсиз, деб топилди. Шунингдек, Сабина Ташкенбаеванинг тўп билан амалга оширган дастури кумуш медалга лойиқ кўрилди.
Гуруҳ машқида 3 тасма ва 2 тўп билан ўз дастурини ижро қилган қизлар ҳам қитъа вакилалари орасида энг юқори кўрсаткични қайд этишди.
Жамоа ҳисобига яна 2 та олтин медални ёшлар тоифасида Эвелина Атальянцнинг булава, Вилана Савадяннинг эса тасма билан чиқиши келтирди. Гуруҳ машқида 5 тўп билан ўз чиқишларини намойиш этган қизлар эса шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилишди.
Шу тариқа, терма жамоанинг мазкур қитъа биринчилигида жамғарган медаллари 10 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронзани ташкил этмоқда.