Пенсия тайинлашда яна бир ҳужжат талаб этиш бекор қилинди

Пенсия тайинлашда никоҳ, ажрим ва фарзанд туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари ва уларнинг нусхалари талаб этилмайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Ўзбекистонда пенсия тайинлашда яна бир қўшимча ҳужжат талаб этиш бекор қилинди.
Энди Ўзбекистон фуқароларидан ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларини тайинлаш жараёнида оила таркиби тўғрисидаги маълумотлар талаб этилмайди. Бу ҳақда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, жамғарма томонидан фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, шунингдек, давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан талаб этиладиган ҳужжатларни босқичма-босқич қисқартириш мақсадида Адлия вазирлиги ва Пенсия жамғармаси маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.
Ушбу ахборот алмашинуви орқали давлат пенсияларини тайинлашда фуқароларнинг оила таркиби тўғрисидаги зарур маълумотлари автоматик тарзда шакллантириш тизими йўлга қўйилган. Эндиликда пенсия тайинлашда никоҳ, ажрим ва фарзанд туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари ва уларнинг нусхалари талаб этилмайди.