ТОШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Тошкентдаги “Қўйлиқ” деҳқон бозори ва “Қўйлиқ” универсал савдо мажмуаси объектлари жойлашган ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилади. Бу бўйича Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарори қабул қилинди.
Айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 июлдаги махсус фармойиши билан Фарғона йўли кўчасини Бектемир шоссеси билан боғловчи Тошкент ҳалқа автомобиль йўлига кириш ва чиқиш имконини берувчи ёрдамчи йўл ўтказгичлар қуриш таклифига розилик берилди.
Ушбу ҳудуддаги қурилиш ва деҳқон бозори мулкдорларига ўрнатилган тартибда компенсация берилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Тошкентда янги транспорт боғламаси қурилиши муносабати билан Қўйлиқ бозори бошқа жойга кўчирилиши маълум қилинган эди. Деҳқон бозори ва унга туташ бўлган улгуржи савдо майдони жойлашган манзилда йўл кенгайиши ва кўприк қурилиши ишлари режалаштирилган.