Ўзбекистонда Omicron'нинг энг юқумли штамми аниқланди

Ўзбекистонда коронавируснинг энг юқумли штамми — “Stealth-Omicron” BA.2 варианти аниқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус омикрон-штаммининг энг юқумли деб айтилаётган “Stealth-Omicron” BA.2 варианти аниқланди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

СЭС раҳбарига кўра, Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар марказида вирус геномини ўрганиш (секвенлаш) бўйича ўтказилган таҳлилларнинг 67 фоизида Omicron ва 33 фоизида Omicron штаммининг янги мутациядаги “Stealth-Omicron” BA.2 варианти топилган.

“Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси бўйича вазият барқарорлиги таъминланиб келинмоқда. Лекин ўтган икки йил давомида айнан июль-август ойларида касалланиш кўтарилганлиги қайд этилган. Шунинг учун коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ва бустер дозаси билан қайта эмлаш ишларини жадаллаштириш катта аҳамиятга эга”, дея қўшимча қилди Баҳодир Юсупалиев.
Республика бўйича рўйхатга олинган беморлар ёшма-ёш таҳлил қилинганда, коронавирусга чалинганлар орасида:
14 ёшгача бўлган болалар ўртача 3−4 фоизни;
15−19 ёшдагилар 2−3 фоизни;
20−29 ёшдагилар 24−25 фоизни;
30−39 ёшдагилар 16−17 фоизни;
40−49 ёшдагилар 14−15 фоизни;
50−59 ёшдагилар 9−10 фоизни;
60 ёш ва ундан катталар 16−17 фоизни ташкил этмоқда.
Касаллик манбаи суриштирилганда 35−40 фоиз ҳолатда оиладан, 15−20 фоиз ҳолатда бемор кўшнилари ёки қариндошларидан, 7−8 фоиз ҳолатда жамоат жойларида, 5−8 фоиз ҳолатда иш жойида юқтириб олингани аниқланган.
Баҳодир Юсупалиевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши эмлашда қўлланилган жами вакциналар сони 57,7 миллион дозадан ошган. Улардан биринчи босқич эмланганлар 20 миллион 550 минг 541 нафарни, иккинчи босқичда эмланганлар 16 миллион 856 минг 230 нафарни, учинчи босқич ва бустер доза билан эмланганлар 20 миллион 355 минг 55 нафарни ташкил қилган.
12-18 ёшдаги эмланувчилар учун жами 1 миллион 587 минг 480 доза вакцинадан фойдаланилган. Улардан биринчи босқич эмланганлар 863 минг 351 нафарни, иккинчи босқичда эмланганлар 675 минг 766 нафарни, учинчи босқич ва бустер доза билан эмланганлар 48 минг 363 нафарни ташкил қилмоқда.