ТОШКЕНТ, 23 июн – Sputnik. Украиналик учувчилар Американинг MQ-1C Gray Eagle ҳужумчи дронларидан фойдаланиш хавфли, Туркиянинг Байрактар ТБ-2 дронлари эса амалда самарасиз деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда “Foreign Policy” манбаларга таяниб хабар берган.
Исмини айтишни истамаган амалдорларга кўра, фронт учувчилари ва штаб бошлиғи ўртасида дронлардан фойдаланиш бўйича келишмовчиликлар мавжуд. Украина ва АҚШ расмийлари Россиянинг илғор ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари “Gray Eagle”ни уриб тушириши мумкинлигидан тобора кўпроқ хавотирда.
Учувчилар, шунингдек, Америка дронларининг бир ёки иккитадан ортиқ миссиядан “омон қолиши” мумкинлигига шубҳа қилишмоқда.
“Душманнинг ҳаво ҳужумига қарши мудофааси туфайли бизнинг ҳолатда бундай қиммат дронлардан фойдаланиш жуда хавфлидир. Бу ер Афғонистон эмас”, деган украиналик учувчилардан бири.
Журналда таъкидланишича, Россия кучлари ҳаво ҳужумидан мудофаасини кучайтиргани сабабли, украиналик учувчилар Туркиянинг “самарасиз” бўлиб қолган дронларидан фойдаланишни чеклаб қўйган. Энди улар камдан-кам махсус операцияларда ва ҳужумлар учун ишлатилади.
Россия 24 февраль куни Украинада махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Президент Владимир Путин ушбу операциянинг мақсади "саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган ДХР ва ЛХР фуқароларини ҳимоя қилиш" деб атаган.
Бунинг учун Украинани демилитаризация (ҳарбий инфратузилмаларини йўқ қилиш) ва денацификация (миллатчилик ғояларидан тозалаш) қилиш талаб этилади.