Шаҳзод Рўзиохунов юнон-рум кураши бўйича Осиё чемпиони бўлди

У ҳал қилувчи финал учрашувида эронлик Фарзад Балутакини сўнгги усул эвазига мағлуб этиб, олтин медалга эга чиқди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Тойлоқ олимпия ва паралимпия захиралари коллежининг 9-синф ўқувчиси Шаҳзод Рўзиохунов Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги хабар берди.
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ўсмирлар (U 17) ҳамда ёшлар (U 23) ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилмоқда.
“45 кг вазн тоифасидаги юнон-рум курашчиси ҳал қилувчи финал учрашувида эронлик Фарзад Балутакини сўнгги усул эвазига мағлуб этиб, олтин медалга эга чиқди”, дейилади хабарда.
Валижон Жонхўрозов ва Фаррух Усмоновнинг шогирди ҳисобланган Шаҳзод финалга қадар Жанубий кореялик Хан Ужин (8-0), япониялик Тайга Кишида (6-0), қозоғистонлик Шингизхан Абдихалимов (3-2)ни мағлуб эта олди.
Фақат учинчи даврада финалдаги эронлик рақибига ютқазиб қўйганди. Лекин, олтин медал учун кечган беллашувда юқори натижа кўрсата олди.