Биржада шакар ва ун арзонлашди

Ўтган ҳафта ўтказилган биржа савдоларида ун ва шакарнинг нархи пасайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Жорий йилнинг 13-17 июнь кунлари “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси”да ун (-2,6 %) ва шакар (-11,3 %) нархи пасайди. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўтган ҳафта ўтказилган савдо натижаларига кўра, биржанинг ун бозори нарх бўйича пасайишни намоён этган. Ҳафта давомида биржа савдоларига 41 690,0 тонна ун қўйилган ва унинг 33 433,0 тоннаси, яъни 80,2% қисми сотилган. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 2 576 харидор иштирок этган.
Кўриб чиқилаётган даврда 1-навли ун бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 401,2 минг сўмдан 4 288,0 минг сўмгача, яъни 2,6% га пасайган. Уннинг ўртача кунлик сотув ҳажми 6 687,0 минг тоннани ташкил қилган.
Ўтказилган биржа савдолари натижасида 1-навли ун бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 4 279,6 минг сўмни ташкил этган.

Шакар ҳам арзонлашди

Биржанинг шакар бозорида ҳам нархлар пасайиши қайд этилган. Ҳафта давомида биржа савдоларига 11 003,0 тонна шакар қўйилган ва унинг барча ҳажми сотилган. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 509 харидор иштирок этган.
Кўриб чиқилаётган даврда шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 11 979,0 минг сўмдан 10 627,5 минг сўмгача, яъни 11,3%га пасайган.
Ўтказилган биржа савдолари натижасида маҳаллий шакарнинг экстра категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 9 411,0 минг сўмни ташкил этган.
Хабарга кўра, кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 2 313,9 млрд сўмлик товар ресурслари сотилган. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйган.