ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik.Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги доирасида 24 июнь куни Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар энергетика вазирларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда ТИВ расмий вакилининг ахборотида маълум қилинди.
Айтилишича йиғилишда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Хитой, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон энергетика вазирликлари раҳбарлари ташкилот учун стратегик муҳим бўлган энергетика йўналишдаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қиладилар.
“Йиғилиш якунида ШҲТнинг энергетика йўналишида концептуал ҳужжатлари тасдиқланиши кутилмоқда”, дейилади хабарда.
ШҲТга аъзо давлатларнинг Энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги концепсиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳамда Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган ШҲТга аъзо давлатларнинг Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлиги дастури лойиҳаси шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари Ўзбекистон энергетика форумида ҳам иштирок этадилар.