Челябинскда ишлаётган ўзбекистонликлар МДТУда ўқишлари учун шароит яратилади

Талабаларнинг ўқув-контракт тўловлари “Южуралзолото” корхонаси томонидан 5 йил ишлаб бериш шарти билан тўлаб берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Челябинск вилоятининг Пласт шаҳрида жойлашган олтин қазиб олиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Южуралзолото” корхонасида меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар дуал таълим тизимида ўқитилади.
Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Ҳотамбек Шокиров бошчилигидаги делегация аъзолари Магнитогорск давлат техника университети ректори Михаил Чукин билан учрашди.
Суҳбат давомида таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва янада кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
МДТУ ректори ўз сўзида университет Магнитогорск металлургия комбинати билан ҳамкорликда дуал таълим тизимини йўлга қўйгани ва мазкур тизим доирасида таҳсил олувчи талабалар бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиш, ҳам ишлаш имкониятига эга эканини айтиб ўтди.
Эндиликда университет “Южуралзолото” корхонасида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳам ушбу таълим даргоҳида таҳсил олишлари учун барча шароитларни яратиб беради.
“Корхонада меҳнат қилаётган фуқаролар делегация аъзолари билан учрашганда ўзлари фаолият юритаётган соҳада олий таълим олиш истагини билдириб ўтишганди. Улар МДТУга ўқишга кириш учун Бош консулхона ва “Южуралзолото” корхонаси раҳбариятидан ёрдам сўраб мурожаат қилишган” дейилади хабарда.
Қайд этилишича, корхона томонидан талабаларнинг ўқув-контракт тўловлари ушбу корхонада 5 йил ишлаб бериш шарти билан тўлаб берилади.
Айтилишича, таълим даргоҳи Ўзбекистон олий ўқув юртлари ва йирик тоғ-кон металлургия корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ниятида.
Маълумот учун, бугунги кунда МДТУ Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти, Самарқанд давлат университети, Бухоро давлат университети ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институти билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.