"Йигитлар зўр ўйнади, улар билан фахрланаман" - Тимур Кападзе

Темур Кападзе матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Осиё Кубоги финали доирасида Саудия Арабистонига қарши кечган ўйиндан кейин матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Бугун ғалаба қозониб, халқимизни хурсанд қилмоқчи эдик. Бироқ бу ишни уддалай олмадик. Бунинг учун узр сўрайман. Насиб этмаган экан. Барча мухлисларимизга раҳмат айтамиз. Кейинги турнирларда яхшироқ натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.Абдурауф Бўриев ўйин давомида яхши ҳаракат қилди. Бугун ўйин қийин бўлди. Афсуски, мағлубиятга учрадик. Болаларга раҳмат айтаман.
Бу бизга катта мактаб бўлди, бу мағлубиятдан кейин яна-да кучлироқ бўламиз деб умид қиламан.Албатта, бу турнирда ҳамма жамоада чарчоқ бор, айниқса финалчиларда. Чунки узоқ йўл босиб ўтилади. Бугун болалар борини бериб ҳаракат қилишди.
Бу жамоани ташкил қилганимизда асосий мақсад сифатида Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш белгиланган. Бу турнирда ёшроқ футболчилар билан иштирок этган бўлсак ҳам яхши натижа қайд эта олдик, деб ўйлайман. Бу турнирда футболчиларни ҳам руҳан, ҳам жисмонан кўриб олдик. Болалар зўр ўйнади, мен улар билан фахрланаман.Қайсидир ўйинда қайсидир футболчи яхшироқ ўйнади, қайсидирида эса бошқаси. Айтишим керак, ҳали яна-да ўсишимиз лозим.
Футбол шундай нарса – узоқ дам ололмайсиз. Ўйин тугагандан кейин у тарихга киради. Сиз кейинги ўйинга тайёргарлик кўришингиз керак. Тўғри, футболчиларимда руҳий ва жисмоний томонлама бироз толиқиш бор. Лекин ҳаёт давом этади”.
Осиё кубогида 1-ўринни Саудия Арабистони ёшлари қўлга киритишди. 2-ўрин Ўзбекистонга насиб этди. 3-ўринни Япония U-23 жамоаси эгаллади.