ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Ўзбекистон фермерлари томонидан етиштирилаётган сариқ тарвуз ички бозор ва экспортга чиқарилмоқда. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Айтилишича, Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги фермер хўжалигида уруғи Жанубий Кореядан келтирилган Riamo навли сариқ тарвуз етиштирилмоқда.
Хўжаликнинг умумий экин майдони 86 гектар бўлиб, шундан уч ярим гектарида икки йилдан бери сариқ ва қизил тарвуз ҳосили олинади.
“Сариқ рангли тарвуз тури янги, ноёб ва ҳудудларда кам етиштирилади. Шунинг учун ҳам унинг нархи оддий тарвузларга қараганда бироз юқорироқ”, дейилади хабарда.
Бутун дунё бўйича сариқ тарвуз нархлари қизилга қараганда бироз юқорироқ бўлиши кузатилмоқда.
Таъкидланишича, сариқ билан қизил тарвузнинг орасидаги асосий ва энг катта фарқ ичидаги массасининг рангида. Сариқ тарвузнинг уруғлари камроқ ёки умуман бўлмайди. Таъми манго, лимон ва ананасга ўхшаб кетади. Сариқ тарвуз навлари қизилга қараганда сал олдинроқ пишади.
Маълумот учун, сариқ тарвуз таркибида A, B1, B2, B5, B6, B9, E, C, PP витаминлар бор. У шунингдек, калций, калий, магний, темир, натрий, фосфор моддаларига сероб. У иммун тизимига ижобий таъсир қилади, турли инфекция, вирусларга қарши курашишда ёрдам беради. Энг муҳими, сариқ тарвуз парҳезда бўлган, аллергияси бор одамлар учун фойдали. Чунки унда қанд моддаси ва калория кам.