ТОШКЕНТ, 18 июн - Sputnik. Бугун Конституциявий комиссия ўзининг бир ойлик фаолияти юзасидан Олий Мажлис олдида ҳисобот берди.
Унда айтилишига кўра, ўтган даврда: Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи ва уларнинг қошида алоҳида Аналитик гуруҳ (30 киши) ташкил этилган. Ундан ташқари Таклифлар билан ишлаш гуруҳи (21 киши) таъсис этилган.
Мажлисда, Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари Мирафзал Миракулов, ҳозирга қадар келиб тушган таклифларнинг умумлаштирилган мазмуни ҳам айтиб ўтди:
Давлат хизматчилари учун тенг ҳуқуқлилик, шахсга оид маълумотлар ҳимояси, меҳнат қилиш ва дам олиш вақтини аниқ белгилаш;
Ҳар кимнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш;
Давлат томонидан барча диний ташкилотлар эркинлигини таъминлаш. Давлатнинг диний конфессиялар тинч-тотув яшашини кафолатлашини белгилаш;
"Интернетдан фойдаланиш эркинлиги масаласининг Конституцияда ёзиб қўйилиши жуда кўп фуқаролар томонидан таклиф этилаяпти. Ахборот алмашиш ва тарқатиш тезлиги, умуман, сиёсий ҳаётда Интернет деган бир реаллик, ресурс пайдо бўлди.
Нафақат давлатлараро муносабатларда, балки фуқароларнинг ахборот олиш эркинлигини таъминлашда жиддий бир инструмент сифатида Конституцияда кўрсатилиши жуда жиддий ўзгариш деб эътироф этилаяпти", деб изоҳ билдирди "Миллий тикланиш" ДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров.
"61-моддада давлат диний бирлашмалар фаолиятига аралашмаслиги, дин давлатдан ажратилгани тўғрисида яхши норма берилган.
Ҳозирги кунда яна 2 та яхши норма киритилаяпти. Яъни: барча диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини давлат кафолатлаши, давлат конфессияларнинг тинч-тотув яшашининг кафили бўлиши. Бу Ўзбекистон учун жуда тўғри ва муҳим", - дейди Адолат партияси раҳбари Нариман Умаров.
Эслатиб ўтамиз, Конституцияга киритиш учун таклифларни "Бу менинг Конституциям" платформасида ёзиб қолдириш мумкин. У ерда бугунги кунда 36 мингдан ортиқ таклиф билдирилган.
"Таклифлар бўйича энг фаол ҳудуд - Тошкент шаҳри (7 минг таклиф), Қорақалпоғистон Республикасидан - 2 мингдан ортиқ, Фарғона, Қашқадарё, Жиззах ва Андижон вилоятларида - 3 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Салкам 4 минг аноним таклиф ҳам келган. Уларнинг орасида ҳам диққатга сазовор таклифлар бўлса, эътиборга олишга ҳаракат қилдик", - деди Конституциявий комисси раиси Акмал Саидов.