ТОШКЕНТ, 17 июн - Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитида тарихий қарорлар қабул қилинади. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган “ШҲТ: Марказий Осиёдан Евроосиёгача” конференциясида МО халқаро институти директори Анвар Носиров маълум қилди. Sputnik мухбири хабарига асосан.
“Ишончим комилки, жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Самарқанд саммитида, албатта, тарихий қарорлар қабул қилинади. Улар орасида ШҲТга янги тўлиқ аъзоларни, кузатувчиларни ва мулоқот бўйича ҳамкорларини қабул қилиш масалалари ҳам бор”, - деди Носиров.
Экспертнинг фикрича, БМТ, МДҲ, КХШТ, ЕОИИ ва бошқа қатор тузилмалар билан ўрнатилган яқин алоқалар ШҲТнинг умумлаштирлган кун тартибини илгари суриш учун салмоқли салоҳият яратади.
Носировнинг таъкидлашича, Евросиё қитъасининг чорраҳасида жойлашган Марказий Осиё азалдан дунёнинг "ўзаги" деб аталган. Унинг сўзларига кўра, айнан шу омил ташкилот халқларининг туб манфаатларига жавоб берадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотини яратишда ҳал қилувчи омил бўлди.
Маълумот учун, “ШҲТ: Марказий Осиёдан Евроосиёгача” конференцияси ШҲТ Хартиясининг 20 йиллигига бағишланган.
Унда ШҲТга аъзо давлатларнинг миллий координаторлари, ташкилот котибияти, Марказий Осиё, Россия, Эрон, Ҳиндистон ва бошқа таҳлилий тузилмаларнинг етакчи экспертлари, Ўзбекистон вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этмоқда.