ТОШКЕНТ, 17 июн — Sputnik. Франция президенти Эммануэль Макрон Ғарб давлатлари Украинага айрим турдаги қурол-яроғлар, хусусан, ҳужум самолётлари ва танкларни бермаслик бўйича келишувга эришганини тасдиқлади. Бу ҳақда “Укринформ”га таяниб, “РИА Новости” хабар берди.
“Сиз ҳозир норасмий келишув ҳақида гапиряпсиз, аммо бу НАТО бўйича ҳамкорларнинг деярли расмий позицияси. Биз Украинага ўзини ҳимоя қилишда ёрдам беряпмиз, лекин Россия билан урушмоқчи эмасмиз”, - деган Макрон украиналик журналистлар билан бўлган суҳбат чоғида.
Франция раҳбарининг сўзларига кўра, Киев ушбу келишувлардан хабардор.
Кеча Германия канцлери Олаф Шольц, Франция президенти Эммануэль Макрон, Руминия президенти Клаус Йоханнис ва Италия бош вазири Марио Драги Украинага борди. У ерда Владимир Зеленский билан учрашди.
Украинага қурол етказиб берилаётгани учун Россия барча давлатларга, жумладан, АҚШга нота юборган. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киевга аталган қурол ортилган ҳар қандай юк Россия учун қонуний нишонга айланишини айтган.
Ташқи ишлар вазирлигига кўра, НАТО давлатлари Украинага қурол етказиб бериш орқали “ўт билан ўйнашмоқда”. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Киевга Ғарбдан қурол-яроғ етказиб бериш Россия-Украина музокаралари муваффақиятига ҳисса қўшмайди, балки салбий таъсир кўрсатади.