Бу бошланиши: Европада заводлар тўхтамоқда

Европа давлатларида инфляция ярим асрлик рекордлар намойиш қилмоқда. Энергия манбаалари етишмаслиги ва қимматлиги туфайли бутун бошли корхоналар тўхтамоқда. Буларнинг барчасига ким айбдор?
Sputnik
Евроиттифоқ барча имкониятларини кучга солиб энергиядан қарамликни камайтираётган эди, аммо маълум бўлишича, ҳозир саноат соҳасига жуда зарур бўлган Россиянинг арзон энерготашувчилари етишмаётир. Нархлар энг баланд чўққида, етказиб бериш эса, Москва маълум қилганидек, хоҳлаган вақтда тўхтатилиши мумкин. Заводлар ишлаб чиқаришни бирин-кетин қисқартирмоқда. Брюсселнинг янги энергетик сиёсатидан кўпроқ қайси соҳалар жабр кўрди?- РИА Новости материалида

Инфляцион зарба

ЕИда энергия ресурслари йил бошидан буён 50 фоизга қимматлашди ва охирги 13 йилликдаги энг юқори кўрсаткичга етди. Инфляция ортиб бормоқда. Май ойида иттифоқнинг 19 давлатида рекорд қайд этилди: 8,1%. Биринчи навбатда энерготашувчилар(39,2%, апрелда 37,5 % ташкил этди), озиқ-овқат маҳсулотлари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, саноат товарлари сабабли.
Эстония, Латвия, Литвада ундан ҳам кўпроқ: 20,1%, 18,5, 16,4. Энг йирик иқтисодиёт бўлмиш Германия ва Францияда – 8,7 ва 5,8. Германия учун - ярим асрлик максимал кўрсаткич.
Бундай кўрсаткичлар Москвага қарши санкциялар ва Россия нефть ва газига қисман тақиқ натижасидир. Июнь ойида Брюссель қора олтиннинг қувур линияси импортига эмбарго қўллади, аммо углеводородлардан бутунлай воз кечишга журъат эта олмади. Денгиз орқали юк ташиш давом этмоқда. Бироқ, бу ҳам жуда қимматга тушди. Истеъмолчилар ҳам, саноат ҳам товон тўламоқда. Европаликларни “ёқилғи қашшоқлиги” кутмоқда.
Кузатувчиларнинг таъкидлашича, ЕИ иқтисодиёти ҳалокатга яқин, боз устига истеъмолчи бозоридаги инфляцион цунами – энг бошида турибди. Ишлаб чиқарувчилар тарифлари индексининг кескин ўсиши нархларнинг кейинги ўсишидан далолат беради: йиллик ҳисобда 36,8%.
Spiegel нинг таъкидлашича, Россия нефтига Евроиттифоқ қўллаган санкцияларнинг олтинчи пакети доирасида белгилаган қисман эмбаргоси оқибатлари эса “нарх-наволарга янада зарба бериши”, фоиз ставкаларининг ошиши, дароматлар ва аҳолининг савдо-сотиқ салоҳияти пасайиши бўлиши мумкин.
Bruegel тадқиқот маркази директори Гунтрам Вольфнинг фикрича, инфляция босими кучайишда давом этади ва бозорлардаги вазият ёмонлашади.

Бир-бирига эргашиб

Куз фаслидаёқ газ нархлари Европанинг кимё саноатига жиддий зарба берган эди. Норвегиянинг Yara International ASA компанияси минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни 40%га камайтиради. Британиянинг CF Industries компанияси иккита заводини ёпди, Германиянинг BASF SE компанияси ҳам баъзи қувватларини ўчирди.
The Wall Street Journal нинг ёзишича, энди улардан андоза олиб, бошқалар ҳам шу ишни давом эттирди. Ўн йиллар давомида Россиянинг арзон нефтларидан фойдаланган бир неча корхоналар дарҳол ишлаб чиқаришни тўхтатди. Чунки энергиялар учун ортиб бораётган харажатларни қоплай олишмаган. “Заҳарли” энерготашувчиларга муқобил топиш учун эса, анча тер тўкишга тўғри келади. Агар, Москва газ етказиб беришни тамомила тўхтатса, ҳаммаси тугайди.

“Газпром” Болгария, Финляндия ва Польшага етказиб беришни тўхтатди. Чунки улар рублда савдо қилишдан бош тортишди. Россиянинг ЕИдаги газ импортидаги улуши эса тахминан 40%ни ташкил этади.

Май ойида Италиянинг Экологик ўтиш масалалари бўйича вазири Роберто Чинголани “Европа Иттифоқи қонунчилик базаси ва оқибатларини кўриб чиққунга қадар” рублда тўлашга вақтинчалик рухсат беришга чақирди. 15 июнь куни эса Италиянинг Eni компанияси “Газпром”дан етказиб бериш қисқариши ёзилган билдиришнома олгани ҳақида хабар берди. Сабаблари эса ошкор этилмаган.

Домино эффекти

Ҳозирги кунда АҚШ, Яқин Шарқ ва бошқа минтақаларда энерготашувчилар нархи Европаникидан арзонроқ. Масалан, ЕИда газ нархи Америка бозорига қараганда уч баробар қиммат. Шунинг учун Европа корхоналари рақобатга чидай оладиган аҳволда эмас.
Янги шартлар барча соҳаларда сезилди, лекин кимё саноати кўпроқ таъсир қилди. OCI NV директори Аҳмад Эл-Хошийнинг сўзларига кўра, компания Нидерландиядаги заводда аммиак ишлаб чиқаришни қисқартирган ва ҳозирда уни АҚШ, Миср ва Жазоирдан импорт қилмоқда.
Буюк Британияда азотли ўғитлар бозоридаги энг йирик корхоналаридан бири Ince заводи ёпилди. CF Fertilisers компания огоҳлантиришича: бу озиқ-овқат таъминоти занжирларини узиши мумкин.
Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, Буюк Британияда инфляция май ойида сўнгги 40 йилдаги энг юқори даражага етиб, тўққиз фоизни ташкил қилган. Умумий олганда, Make UK (ишлаб чиқариш саноати корхоналари федерацияси) маълумотларига кўра, Британия компанияларининг 17%и “энергетикани кўп талаб қилувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни” қисқартирган.
Бундан металлурглар ҳам азият чекяпти. Март ойидан буён ArcelorMittal пўлат тегирмонларини энг юқори соатларда, яъни иш вақтининг тахминан учдан бир қисмини тўхтатмоқда. Acerinox Испаниянинг Альхеcирасдаги биттаю битта заводини ёпди.
Испанияда жойлашган Celsa пўлат холдинги Барселонадаги йиллик қуввати 2,5 миллион тонна бўлган заводни “тўхтатиб қўйиш” арафасида.
Европада эса “Путин қувурни тўсиб қўяди”, дея қўрқиб, газни чеклашга тайёрланишмоқда. “Газпром” “Шимолий оқим” қисқариши ҳақида маълум қилганидан сўнг, кўк ёқилғи нархи минг кубометр учун 1200 евродан ошди. Барча прогнозларга кўра, юқори энергия харажатлари ЕИда саноат ишлаб чиқаришига зарар етказиши ва иқтисодий ўсишга хавф бўлиш мумкин.