ТОШКЕНТ, 16 июн - Sputnik. Бугун Фарғона вилояти Яйпан шаҳридаги "Ўзбекистон" ўйингоҳида "Турон" клубининг янги қароргоҳининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ва бошқа расмий шахслар иштирок этишди.
Маросим аввалида нуроний отахонлар иштирокида қуръон тиловат қилинди. Шундай сўнг карнай-сурнай садолари остида янги қароргоҳнинг расмий очилиш маросими бошланди ва клуб президенти Олимхон Аҳмедовга рамзий калит топширилди, - дейилган хабарда.
Европа стандартлари асосида барпо этилган янги замонавий қароргоҳда ўқув ва машғулот заллари, анжуманлар зали, тиббий соғломлаштириш хоналари, ётоқхона, ошхона, мураббийлар хонаси каби, ювиниш хоналари, бассейнлар мавжуд.
Клуб қароргоҳининг умумий қуввати 65 ўринга мўлжалланган. Қароргоҳнинг ўқув ва машғулот залларидан клуб академиясида таълим олаётган ёш футболчилар ҳам фойдаланишлари учун шароитлар ташкил этилади.