Кечаги ғалаба Тимур Кападзенинг ютуғи - футбол шарҳловчилари

Футбол шарҳловчилари ва мутахассислар Ўзбекистон U23 терма жамоасининг сўнгги ғалабаларида жамоа мураббийнинг ҳиссаси катта эканини қайд этишмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 июн - Sputnik. Кечаги ғалаба Тимур Кападзенинг ютуғи, деди таниқли футбол шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Sputnik мухбири билан бўлган суҳбатда.
“Кечаги ғалаба жамоа мураббийси Тимур Кападзени ютуғи, деб ҳисоблайман. Чунки дарвозабон ҳамда бошқа ўйинчилар билан боғлиқ муаммолар бўлган вақтда ҳамда томошабинлар стадионга киритилмаган вазиятда мураббий жамоани руҳан тайёрлади ва чиройли ўйин кўрсатди”, - дейди Тўхтамирзаев.
Мутахассис айтишига кўра, Япония тезкор ҳужум ва оригинал ҳаракатларга қодир жамоа. Шу нуқтаи назарда кечаги ғалабада мураббийнинг жамоага бўлган ишончи ҳам яққол кўринди.
“Кеча ўзимизнинг футболчилар олғир японияликлар устидан ғалаба қозонишди. Бу ғалабага фақат голлар ҳисобига эмас, тинимсиз меҳнат ва тезкорлик эвазига эришилди, деса ҳам бўлади.
Яна бир ҳолат, ўйиннинг иккинчи таймида ҳисоб 1:0 бўлиб турган вақтда, Тимур Кападзе қўрқмасдан ўйинчиларни алмаштирди. Муҳими мураббий ўз шогирдларига ишонди ва бу ишонч халқимизга ғалабани туҳфа этди”, - дейди фахр билан Мирзаҳаким Тўхтамирзаев.
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев
Соҳанинг яна бир мутахассис профессионал шарҳловчи Муроджон Ризаев ҳам Ўзбекистон – Япония ўйинида Тимур Кападзенинг ўрни қанчалик муҳим эканига эътибор қаратди.
“Тимур Кападзе яхши таркиб тузган, тан олиш керак, у жаҳон майдонларини кўрган профессионал мураббий. Эътиборли жиҳати, стадионда мухлисларни кўплиги баъзида ўйинчиларга туртки бўлса, баъзида босим беради. Кечаги баҳсда мухлисларнинг киритилмагани ўйинчиларнинг фойдасига ишлади, деб ўйлайман.
Японларнинг ҳужумлари кучли бўлсада, бизнинг ўйинчилар тактик схема билан ажойиб ҳаракат қилишди ва анча эркин ўйнашди. Ҳакам ҳам ўйинни маҳорат билан бошқарди. Бу ерда қўшимча кучлар, ўйинчиларнинг вақтида алмаштирилганлиги, мураббийнинг “В”, “С” режа билан ишлаганлиги фойда бўлди”, - дейди Ризаев.
Муроджон Ризаев

Ўз тарихимизда чемпион бўлиб қолишимиз керак! - Кападзе

U23 Осиё Кубоги доирасида бўлиб ўтган ўйинлардан сўнг мухлисларнинг чексиз ишончини қозонган мураббий, бўлажак ўйиндан ягона ва олий мақсад чемпион бўлиш эканини таъкидлади.
“Ҳар бир ўйин мураббий учун битта имтиҳон, у оғир ва ўзига хос даражада ҳаяжонли бўлади. Японияликлар устидаги ғалабада жамоа ўйинчилари барча топшириқларни аъло даражада бажаришди. Ўз тарихимизда биз чемпион бўлиб қолишимиз ва ишончни оқлашимиз зарур. Қайси жамоа билан баҳсга киришсак ҳам мана шу олий мақсадимиз сари олға интилаверамиз”, - дейди Кападзе.
Шу юбилан бирга мураббий Саудия Арабистони кучли рақиб эканини қайд этиб жамоа ўзининг энг яхши ўйинини намойиш этишига ишонч билдирди.
“Саудия Арабистони тажрибали ўйинчилар тўпланган жуда кучли жамоа, биз ушбу ўйинга катта шижоат билан тайёрланамиз ва мухлисларимизга энг яхши ўйинни тақдим этамиз”, - дейди Кападзе.
Маълумот учун, U23 Осиё Кубоги 2022 мусобақасининг Саудия Арабистонига қарши ҳал қилувчи баҳси “Бунёдкор” стадионида 19 июн куни мухлислар иштирокида бўлиб ўтади. Бу Ўзбекистон U23 жамоаси учун сўнгги 4 йилдаги иккинчи финал баҳси бўлади.