ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. “Ўзбекистон темир йўллари” 20 июндан Тошкент — Душанбе йўналишида йўловчи поезди ҳаракатланишни бошлашини тасдиқлади.
301/302-сонли поезд Душанбедан ҳафтанинг душанба кунлари жўнаб кетади ва сешанба кунлари соат 13:43 да Тошкентга етиб келади.
Тошкентдан ҳафтанинг ҳар сешанба куни соат 16:15 да жўнаб кетиб, Душанбега чоршанба куни етиб боради.
Йўловчи поезди 10 та вагондан: 4 купе, 5 плацкарт ва вагон-ресторандан иборат.
Сотув муддатига қараб чегирмаларни ҳисобга олган ҳолда чипта нархи 381 476 сўмдан бошланади.
Чипталарини темир йўл кассаларидан ёки www.chipta.railway.uz, www.e-ticket.railway.uz сайтлари орқали харид қилиш мумкин.
Маълумот учун: Тошкентдан Душанбегача темир йўл орқали бўлган масофа 916 километрни ташкил этади. Поезд 21 соат давомида ҳаракатланади.