Ўзбекистон Россия ҳамкорлигида зилзила даракчиларини аниқлаш ускунасини ишга туширади

СейсмУскуна ёрдамида ерости сувларидаги углерод, кислород, водород, олтингурурт, азот изотоплари нисбатлари ўлчанади. Ускуна нархи 450 минг доллар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Гидрогеосейсмология лабораториясида россиялик мутахассислар иштирокида Масс-спектометр ускунасини монтаж-созлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Фанлар академияси хабар берди.
Айтилишича, Россиядаги “МИТ” МЧЖ корхонасининг ускуна муҳандис созловчилари С.В.Овчинников ва Д.А.Гришин Фанлар академияси Сейсмология институтига ташриф буюрган.
“Мазкур ускуна ўта мураккаб қисмлардан иборат бўлиб, уни монтаж ва созлаш ишлари катта маҳорат ва малака талаб этади”, - дейилади хабарда.
Ускуна ишга туширилганидан сўнг, республикадаги мавжуд қудуқларнинг ерости сувларидан олинган намуналар асосида зилзила даракчиларини излаш имкони яратилади.
Ускуна ёрдамида ерости сувларидаги углерод, кислород, водород, олтингурурт, азот изотоплари нисбатлари ўлчанади.
Элементларнинг генетик боғланишлари ҳақида ахборот олиш ҳамда изчил таҳлиллар асосида зилзила содир бўлиши аномалияларининг механизми тадқиқ қилинади.
Маълумот учун, ушбу ускуна 435 минг доллар қийматига тенг бўлиб, у президент томонидан қабул қилинган ПҚ-3365-сонли қарори асосида харид қилинди.