Маданият ва истироҳат боғларидаги носоз аттракционларнинг фаолияти тўхтатилди

Республикада мавжуд 1800 дан зиёд ҳар хил турдаги аттракционлар ўрганилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Республикадаги 574 та техник носоз деб топилган аттракционнинг фаолияти чекланди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Малика Миржамолова маълум қилди.
Айтилишича, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги мавжуд аттракционларни давлат назоратидан ўтказиш мақсадида ҳудудлар кесимида 16 та ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳлар томонидан республикада жойлашган 143 та маданият ва истироҳат боғидаги 1800 дан зиёд ҳар хил турдаги аттракционлар ўрганилди.

“Камчилиги бор аттракционлардан фойдаланмаслик шарти билан ва камчиликларни бартараф қилунгунга қадар тўхтатиб қўйиш бўйича маҳаллий давлат органларига ахборотномалар ва маданият ва истироҳат боғлари раҳбарларига 116 та тақдимнома берилди”, дейди Малика Миржамолова.

Ҳар бир маданият ва истироҳат боғида ёнғин қутқарув, тез тиббий ёрдам ва бошқа техниканинг монейликсиз харакатланиши учун шарт-шароит яратиш, фавқулотда вазиятларда фуқароларни эвакуация қилиш йўлларини ташкил этиш ва уларнинг доимий очиқ ҳолатда бўлишини таъминлаш чоралари кўрилди.
Аттракцион операторлари ва механиклари ўз вазифаларини йўриқномаларда белгиланган тартибда амалга оширишлари, фуқаролар томонидан техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши қатъий назоратга олинди.
Ҳозирги вақтда аҳоли яшаш жойларидаги очиқ майдонларга ўрнатилган батут ва аттракционлардан фойдаланиш кескин ортганлигини инобатга олиб, улардан фойдаланиш хавсизлигини таъминлаш чоралари кучайтирилди.
Маълумот учун, республикада мавжуд аттракционларнинг 450 га яқини истироҳат боғлари тасаруфида бўлса, қолганлари ҳусусий тадбиркорларга тегишли.