ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Андижон шаҳри ва Самарқанд вилояти Қўшработ туманида ўтказилган Халқ депутатлари Кенгашининг навбатдаги сессияларида депутатлар томонидан янги ҳоким лавозимларига номзодлар тасдиқланди.
Унга кўра, Қўшработ тумани ҳокими вазифасида фаолият олиб борган Ҳиммат Оқбўтаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз аризасига асосан эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.
Шакарбоев Дилшод Давронович номзоди Қўшработ тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Мазкур тайинловга қадар у Самарқанд вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.
Шунингдек, Андижон вилояти Андижон шаҳар ҳокими этиб Абдураҳмонов Ғофуржон Гуламжанович тайинланди.
Тайинловга қадар у АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Бошқарув раисининг маслаҳатчиси вазифасида фаолият юритган.