ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг йигирма еттинчи ялпи мажлисини 2022 йил 13 июнь куни чақириш тўғрисида Сенат кенгашининг қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда қуйидаги қонунлар кўриб чиқилади:
"Давлат мулкини бошқариш тўғрисида"ги,
"Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги,
"Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида"ги қонун қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги;
"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги.
Шунингдек, сенаторлар Олий суд раисини сайлаш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқишади. Олий суднинг амалдаги раиси Козимжон Комиловнинг ваколат муддати 27 май куни ўз ниҳоясига етган.