ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Россия Қуролли кучлари қанотли “Калибр” ракеталари билан Тернополье вилоятидаги Киевга АҚШ ва ЕИнинг етказиб берган қурол-яроғлари сақланаётган йирик омборни яксон қилишди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-лейтенант Игорь Конашенков маълум қилди.
“Узоқ масофага учадиган “Калибр” юқори аниқликдаги ракеталар билан Тернополье вилояти Чортков аҳоли пункти ҳудудидаги Киев режимига АҚШ ва Европа мамлакатларидан етказиб берилган танкка қарши ракета мажмуалари, кўчма зенит ракета мажмуалари ва қурол тизимларининг артиллерия снарядлари йирик омбори йўқ қилинди”, - деди Конашенков.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Украинага қурол-яроғ етказиб бериш атрофидаги оворагарчилик мақсади иложи борича қуролли можарони чўзиш эканини айтган эди.
Россия махсус ҳарбий операцияси
Россия 24 февраль куни Украинада махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Президент Владимир Путин ушбу операциянинг мақсади "саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш" деб атаган.
Бунинг учун Украинани демилитаризация (ҳарбий инфратузилмаларини йўқ қилиш) ва денацификация (миллатчилик ғояларидан тозалаш) қилиш талаб этилади.
Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, Қуролли Кучлар фақат ҳарбий инфратузилма ва Украина қўшинларига зарба бермоқда. 25 мартга келиб улар биринчи босқичнинг асосий вазифаларини бажаришди - Украинанинг жанговар салоҳиятини сезиларли даражада камайтиришди.
Россия Мудофаа вазирлиги энди асосий мақсад - Донбассни озод қилиш эканини таъкидлаган.