Пойга ишқибозлари учун дрифт ва дрэг-рейсинг майдони қурилади

Автопойга иштирокчилари майдонда хавфсиз ҳаракатланиши ҳамда автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказишлари учун барча шароитлар яратиб берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. Дрифт ва дрэг-рейсинг уюштириш учун Тошкентнинг Бектемир тумани “Шоназар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ер участкаси ажратилади. Бу бўйича 9 июнда Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг қарори қабул қилинди.
Автопойгачилар учун қуйидаги қулайликларга яратилади:
Иштирокчилар майдонда хавфсиз ҳаракатланиши, дрифт уюштириш учун ўзлари билан олиб келган автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш;
Томошабинлар учун қулай шарт-шароит яратиш ва хавфсизлик чораларини кўриш;
Автотураргоҳ, сервис ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда жиҳозланган тиббий ёрдам кўрсатиш станцияси ишга тушириш.
Ер участкаси тендер асосида берилади ва ҳудудни замонавий жаҳон стандартларига мос равишда бўлиши учун давлат ва хусусий шерикчилик асосида хорижий инвесторлар жалб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига ёшлар учун “дрифт” ва “драг-рейсинг” уюштиришни кўриб чиқиш таклифини берган эди.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойга уюштирганлар учун 10−15 суткага қамаш жазосини қўллаш ўрнига, уларга автопойга учун махсус майдон қуриб бериш ва халқаро чемпионатларни ташкиллаштириш лозимлигини қайд этиб ўтган.