Марказий банк асосий ставка нега 16 фоизгача пасайтирилганини тушунтирди

Банк хабарига кўра, ставканинг пасайтирилиши “қатъий” пул-кредит шароитларини сақлаб қолган ҳолда ташқи хатарлар учун қўшилган қўшимча юкламани нейтраллаштиришга қаратилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 июн — Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани йиллик 17 фоиздан 16 фоизгача пасайтирди.
“Ташқи иқтисодий хатарларнинг қисқа муддатли салбий тўлқинларининг ортда қолганлиги, апрель-май ойларида ички валюта бозорининг барқарорлашуви, валюта оқимлари ва миллий валютадаги муддатли депозитлар ўсувчи динамикасининг тикланганлигини инобатга олиб Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 16 фоизгача пасайтирилди”, - дейилади банк хабарида.
Қайд этилишича, ставканинг пасайтирилиши инфляцион хатарларни жиловлашга йўналтирилган “қатъий” пул-кредит шароитларини сақлаб қолган ҳолда ташқи хатарлар учун қўшилган қўшимча юкламани нейтраллаштиришга қаратилган.

Ташқи иқтисодий шароитлар

МБ савдо-ҳамкорларда кузатилган хатарли вазиятнинг мамлакат иқтисодиётига қисқа муддатли салбий тўлқинлари ортда қолгани ва дастлабки баҳолашлардан фарқли равишда сўнгги икки ойда ижобий тенденциялар кузатилаётганини таъкидлаган.
Хусусан, ташқи савдо операциялари ҳажмлари ва пул ўтказмаларнинг юқори суръатларда тикланиши ички валюта бозорида таклифни кўпайтириб, мос равишда сўм қадрининг мустаҳкамланиб боришини қўллаб-қувватламоқда.
Январь-март ойларида мамлакатга ўртача ойлик 490 млн долларлик пул ўтказмалари кириб келган бўлса, апрель-май ойларида бу кўрсаткич 1,3 млрд долларга етган. Ойлик экспорт тушумлари ҳажми январь-март ойларига нисбатан 1,3 баробарга ошди, экспорт тушумлари ҳисобидан ички валюта бозорида сотилаётган маблағлар миқдори 1,4 баробарга кўпайди.
Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 2022 йил март ойининг биринчи ярмида ўзининг юқори даражасига етиб, йил бошига нисбатан 6,8 фоизга қардсизланган бўлса, март ойининг иккинчи ярмидан бугунги кунга қадар 5,1 фоизга мустаҳкамланди. Натижада, сўмнинг йил бошидан қадрсизланиши 1,6 фоиз доирасида шаклланди.

“Умуман олганда, май ойи якунлари бўйича сўмнинг реал алмашув курси ўзининг узоқ муддатли трендига яқинлашди (2019 йил сентябрь ойидаги даражага нисбатан мустаҳкамланиш 2 фоиз) ва ташқи рақобатбардошликка салбий таъсир кўрсатмайдиган динамика ҳосил қилмоқда”, - дейилади хабарда.

Айни пайтда олтин валюта захираларининг “нейтраллик тамойили” бўйича Марказий банк ички валюта бозорига апрель-май ойларида, сўм алмашув курснинг қисқа муддатда кескин мустаҳкамланиб кетишини олдини олиш мақсадида бозордан 523 млн долларлик валюта маблағларини сотиб олган.
Умуман олганда, йил бошидан “нейтраллик тамойили” бўйича ички валюта бозорига интервенция қилинмаган миқдор қарийб 1 млрд долларни ташкил этади ва келгусида алмашув курсининг барқарорлигини таъминлашга қўшимча манба бўлиб хизмат килади.
Шу билан биргаликда, йил сўнгигача жаҳон иқтисодиётида макроиқтисодий жиҳатдан ноаниқлик ва хатарлар сақланиб қолмоқда.

Иқтисодий фаоллик

Маълум қилинишича, сўнгги ойларда тижорат банклари томонидан иқтисодиётни кредитлаш фаоллиги ва суръатларида бироз секинлашиш динамикаси кузатилмоқда.
2022 йил май ойи якуни бўйича иқтисодиётга ажратилган кредитлар қолдиғининг йиллик ўсиши 17,4 фоизни ташкил этиб, кутилаётган ЯИМ номинал ҳажмининг ўсиш суръатидан маълум даражада паст шаклланмоқда.
Шунингдек, иқтисодиётга йўналтирилаётган кредитлар миқдори жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилга нисбатан 13,6 фоизга ўсган бўлса, январь-май ойларида ўсиш суръати 8,8 фоизгача секинлашди.
Марказий банк кузатувларига кўра, сўнгги икки ойда иқтисодиёт тармоқларида фаоллик индекси март ойидаги 54 дан май ойида 53 бандгача пасайганлиги қайд этилди. Бунда, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида фаолликнинг биринчи чоракка нисбатан маълум даражада сусайиши кузатилди.

Ички нархлар динамикаси ва инфляцион кутилмалар

Май ойи якуни бўйича йиллик инфляция даражаси 11 фоизни ташкил қилди ва прогноз траекторияси доирасида бўлди.
Бунда, таркибий жиҳатдан ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари йиллик ўсиши 10,3 фоизни ва хизматлар нархлари – 6,2 фоизни ташкил этиб, умумий инфляциядан паст даражада шаклланди. Озиқ-овқат товарлари гуруҳидаги нархлар динамикаси ташқи бозорлардаги нархларга ҳамоҳанг ўсувчи характерга эга бўлмоқда.
МБ мева-сабзавотлар гуруҳидаги маҳсулотлар нархларида мавсумий пасайишлар, умумий инфляцияга камайтирувчи аҳамият касб этаётган бўлса, айрим турдаги асосий озиқ овқатлар ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларида ўсиш кузатилаётганини таъкидлаган.
Юзага келаётган инфляцион жараёнлар кўпроқ таклиф омиллари билан боғлиқ бўлиб, минтақадаги жорий геосиёсий вазиятнинг маҳсулот етказиб бериш, транспорт-логистика жараёнларига салбий таъсирини ўзида ифода этади.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси ўн икки ойлик кутилмалари жорий йил апрель ойида сезиларли даражада пасайиш кузатилган бўлса, май ойида тартибга солинадиган нархлар билан боғлиқ ўзгаришлар бўйича информацион оқимлар натижасида қисқа муддатли инфляцион кутилмаларни ошиши кузатилди.
Ёз ойларда мева ва сабзавотлар нархлари янада арзонлашишини, сўнгги ойларда кузатилган сўм алмашув курсининг нархларга ўтказма таъсирларининг пасайтирувчи хусусият касб этиши ва кутилаётган тариф эркинлаштиришларни инобатга олиб жорий йил якунлари бўйича инфляция прогнози 12-14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
Ички бозорларда нархларни мувозанатлаштириш мақсадида Ҳукумат истеъмол бозорларида маҳсулотлар таклифини кўпайтириш, логистик қийинчиликларни бартараф этиш, муқобил импорт йўналишлари орқали асосий истеъмол товарларига бўлган талабни қондириш бўйича чораларни кўриб бормоқда.

Пул-кредит шароитлари

Апрель-май ойларида пул бозоридаги амалиётлар бўйича ўртача фоизлар 18 фоиз атрофида шаклланиб, қисқа муддатли ресурслар бозорида “қатъий” пул-кредит шароитларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича таклиф этилаётган фоиз ставкалари (21-23 фоиз) аҳолининг инфляцион кутилмаларга нисбатан ҳам ижобий тафовутда шаклланиб, миллий валютада жамғаришнинг жозибадорлигини таъминламоқда.
Март ойида кузатилган миллий валютадаги депозитларнинг вақтинчалик пасаювчи суръати апрель-май ойларида тўлиқ ўсувчи тенденцияга ўзгарди ва аҳолининг муддатли депозитлари ҳажми йил бошига нисбатан 22,4 фоизга ўсди.
“Шу билан бирга, сўнгги икки ойда муомаладаги нақд пуллар ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши кузатилмоқда. Бу, асосан, аҳоли томонидан трансчегаравий пул ўтказмалари орқали келган хорижий валюта маблағларини банкларга сотиш ҳажмининг ошиши ва бир марталик ижтимоий ёрдам пулларини май ойида тўланиши билан изоҳланади. Хусусан, ўтган беш ойда банкларнинг аҳолидан валюта хариди ва аҳолига валюта сотуви ўртасидаги ижобий тафовут 1,5 млрд долларни ташкил этди”, - дейилган хабарда.
Миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкалар ўртача 22-23 фоиз доирасида шаклланди.

Мароиқтисодий кутилмалар

Мамлакатга экспорт тушумлари, пул ўтказмалари ва тўғридан-тўғри инвестициялар орқали кириб келаётган валюта оқимлари ички валюта бозорида таклифни қўллаб-қувватлаб, қисқа ва ўрта муддатли истиқболда сўм алмашув курсининг барқарорлашувига хизмат қилиши кутилмоқда.
Валюта курсининг барқарорлиги, ўз навбатида, нархларга нисбатан “импорт инфляцияси” таъсирини юмшатувчи аҳамиятга эга бўлади.
Иқтисодиётда реал фоиз ставкалар ижобийлигини таъминлаш орқали миллий валютадаги активлар жозибадорлигини ошириш ҳамда банк тизими умумий ликвидлигини тартибга солиш орқали қабул қилинаётган қарорларнинг иқтисодиётга самарали ўтишига эришиш мақсадида йил якунига қадар:
ликвидликни жалб этишга қаратилган овернайт депозит операциялари ва икки ҳафталик депозит аукционлари чекловларсиз амалга оширилади;
Марказий банк томонидан муомалага чиқариладиган қисқа муддатли облигациялар ойлик ўртача қолдиғи бўйича лимитлар 25 трлн. сўмгача етказилади;
тижорат банклари томонидан аукционларда харид қилинадиган Марказий банк облигациялари бўйича даромадлилик асосий ставканинг юқори чегараси даражаси сақлаб қолинади.
Марказий банк ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозларни иккинчи чорак якунлари бўйича янгилашни режалаштирмоқда. Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги таянч йиғилиши 2022 йил 21 июль санасига белгиланган.