ДХМ ва ЯИДХПда яна 2 та хизмат йўлга қўйилди

Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги экспертларни аккредитация қилиш ва давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш бўйича регламент тасдиқланган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 июн — Sputnik. Ҳукумат қарори билан болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги экспертларни аккредитация қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" телеграм канали хабар қилди.
Регламентга кўра, ариза берувчи Давлат хизматлари маркази(ДХМ)га бевосита ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ("my.gov.uz") орқали электрон мурожаат қилади. Ариза берувчилар олий маълумотга, педагогика, ёшга оид психология ва физиология, болалар психиатрияси соҳаларида билимларга (диплом ёки сертификатга) эга бўлиши керак. Сўровнома тўлдирилиб, 7 иш кунида ўрганиб чиқилади.
Ариза берувчини аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингач, талабгор 1 кун ичида аккредитациядан ўтказилади. Эксперт аккредитация қилинганлиги тўғрисида гувоҳнома 5 йил муддатга берилади.
Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш бўйича регламент ҳам тасдиқланган. Унга кўра, ариза берувчи бунинг учун ДХМга бевосита ёки "my.gov.uz" орқали электрон мурожаат қилади.
Сўровнома тўлдирилади ҳамда ваколатли орган (Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) 15 иш кунида ариза берувчини аттестацияга қўйиш ёки қўйилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади. Ваколатли орган аттестация гуруҳи шаклланишига қараб талабгорларни аттестациядан ўтказади (5-10 та саволдан иборат оғзаки суҳбат).
Аттестацияда қатнашишдан четлаштирилган талабгор 6 ой давомида кейинги аттестацияларга қўйилмайди. Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари ҳар 3 йилда аттестациядан ўтади.
Мазкур давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.